Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юзингиз ёруғми, ҳамкасблар?

Яқинда касб байрамимизни ўтказдик. Байрамда кўнглимдан турли ўйлар кечди: ўтган йилги байрамдан бу байрамгача нима ёздим, қайси масалани кўтариб чиқдим, халққа, жамиятга нафим тегдими?

Шу саволларга виждонимиз қийналмай жавоб бера олсак, демак соҳа вакили сифатида касб байрамини нишонласак, ярашади. Аксинча бўлса, ўзимиз учун ҳам, бошқалар учун ҳам бу куннинг бошқа кунлардан фарқи қолмайди.

Кейинги пайтда аҳолида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар фақат танқид ёзиши керак, жамиятдаги иллатларни кўтариб чиқиши лозим, деган қараш шаклланди. Ҳамкасбларимиз орасида ҳам шундай фикрловчилар кўпайди. Бир томонлама қараганда бу фикр тўғридек. Лекин журналист ёки блогернинг вазифаси фақат танқид ёзиб, камчиликларни «очиб ташлаш»дан иборат эмаску. Афсуски, бугун кўп оммавий ахборот воситалари ана шу мезон асосида ишлаётгандек, назаримда.

Журналист танқид ёзса, у яхши ходим. Блогер танқид қилиб турса, у жасоратли блогер. Газета, радио, сайт ва ижтимоий тармоқлар, газеталарда қайсидир ташкилот ёки раҳбар «урилса» бу яхши оммавий ахборот воситаси. Йўқ, бу нотўғри қараш. Танқид қилган эмас, таҳлил қилган, муаммонинг юзага келиш сабаби ва унинг оқибатини очиб берган журналист энг маҳоратли, буни ёритган ОАВ жамиятнинг ҳақиқий кўзгуси.

Шунинг учун сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг бизга йўллаган табригида айрим журналист ва блогерларимизда билим ҳамда профессионал малака, баҳс маданияти етишмаётганлиги қайд этилганини ҳар биримиз ўз фаолиятимиз мисолида таҳлил қилиб, бундан хулоса чиқаришимиз зарур. Ўз навбатида, журналистиканинг ўзгармас талаб ва мезонларига, хусусан, холислик ва ҳаққонийликка амал қилишимиз шарт.

Кўряпмизку, нохолис танқид, асосланмаган маълумотнинг «умри узоқ» эмас. Баъзилар бундай материалларга ўч бўлса-да кўпчилик буни хушламаслиги ҳам ҳақиқат. Ҳамма давр ва замонларда тўғри сўз, аниқ маълумотнинг қадри баланд бўлган. Бугун ҳар ким замонавий информацион воситалар, ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатаётган, ўз фикри, қарашларини билдираётган пайтда бу ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва қадрли. Ана шундай пайтда журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари халқнинг дилидаги, «тилининг учида турган» гапларни гапирсак, ёзсак, дардларига дармон бўлсак, касб байрамини ёруғ юз билан нишонласак арзийди. Ҳар бир ҳамкасбимизга жамият, давлат, халқ олдида юзи ёруғ бўлишини тилайман!

 Ф.Тошев.