Охирги янгиликлар

Замонавий тиббий ускуналар Соғлом она ва бола йили

Ярим тунда марказий шифохонага автоҳалокат туфайли оғир жароҳатланган беморни олиб келишди. Навбатчи шифокорлар  
зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилишди. Вақт зиқ, кўп қон йўқотилган. Хонага келтирилган "Бассик" кўчма рентген ускунаси ёрдамида беморнинг синган ва жароҳатланган тана аъзолари аниқлангач, жарроҳлик амалиёти бошлаб  
юборилди…
Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникага замонавий рентген аппарати  
ўрнатилганидан жомбойликлар мамнун. "Саломатлик-3" лойиҳаси бўйича келтирилган рақамли рентгенография ва рентгеноскопия  
ускуна ва жиҳозлари орқали беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда тезкорликка эришилмоқда. Поликлиникада бир кунда 40-45  
нафар, қабул бўлимидаги кўчма рентген ускунаси ёрдамида эса 10 нафаргача оғир беморларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
 
– Илгари шошилинч келган беморларни рентгендан ўтказиб, жарроҳлик амалиётига тайёрлаш учун икки-уч соат вақт талаб  
қилинарди, – дейди туман тиббиёт бирлашмасининг рентген бўлими мудири Валижон Усмонов. – Баъзида электр энергияси  
йўқлигидан ёки лаборатория жиҳозлари етишмаслигидан уларни сарсон қилиб, Самарқанд шаҳри шифохоналарига юборишга тўғри  
келарди. Ҳозир эса беморга қисқа вақт ичида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий рентген ускуналари,  
лаборатория жиҳозлари ёрдамида рентген тасвирлари аниқ ва равшан қилиб тайёрланади. Бўлим мутахассислари ўз билим ва  
малакаларини ошириб келгач, иш унуми ҳам ошди. 

Ўтган йили бирлашмада Инвестиция дастури асосида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида марказий  
поликлиника ҳам янгича кўринишга эга бўлди. Замонавий тиббий асбоб-ускуна ва мебеллар билан жиҳозланди. Аҳолига тез ва  
сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошди. 
Шу кунларда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурига асосан тор мутахассислардан иборат гуруҳлар томонидан мактаб  
ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш якунланди. 12 ёшгача бўлган 14 мингдан зиёд болалар саломатлиги назоратдан ўтказилиб,  
В гепатитига қарши эмланди.
 
Дилмурод ТЎХТАЕВ.