Охирги янгиликлар

Ўзбекнинг полвон қизи Спорт

Акаларига ҳавас қилиб кураш туша бошлаганда, беш ўғил орасида улғайган Гулмира ҳали ёшгина қизалоқ эди. Мактабни тугатгач, спортга бўлган меҳри, интилиши уни Тойлоқ Олимпия захиралари коллежига етаклади. Бу ерда Гулмира устозларидан миллий кураш сирларини ўрганди, мусобақаларда қатнаша бошлади. Самарқанд давлат университети жисмоний маданият факультетининг бакалавр ва магистратура босқичларида таҳсил олаётганда бу спортчи қизни бутун дунё таниган эди. 
Ҳа, Гулмира Исматова спортнинг миллий кураш тури бўйича икки карра жаҳон чемпиони. Миллий кураш, самбо, эркин кураш, белбоғли кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси. Республика биринчиликлари ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, 100 дан ортиқ диплом билан тақдирланган. 2016 йилда ўтказилган белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатида 1-ўрин, жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритган. 
Шу йил февраль ойида Андижонда самбо бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида ўтказилган республика биринчилигида Гулмира 68 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни банд этди. Ҳозир у 13-15 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган миллий кураш мусобақалари ва шу йилнинг июнь ойида пойтахтимизда ўтказиладиган самбо бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

– Ҳаётимни спортсиз тасаввур қила олмайман, – дейди Гулмирахон. – Профессионал спорт билан шуғулланишнинг мураккаб томонлари ҳам кўп – тинимсиз меҳнат талаб қилади. Миллий кураш билан эса ҳамма шуғулланиши мумкин.
Гулмира Исматова профессионал спортчи бўлиши билан бирга Тойлоқ Олимпия захиралари коллежида йўриқчи-услубчи бўлиб фаолият юритмоқда. Ишдан кейин ҳар куни 2-3 соат вақтини машғулотларга ажратади. Спортдан бўш пайтларида бадиий китоблар ўқийди. 
Келажакда қизлар ўртасида эркин кураш турини оммалаштириш, кўплаб шогирдлар етиштиришни ният қилган ўзбекнинг полвон қизи билан фақатгина у туғилиб-ўсган Тойлоқ туманидаги Каттақишлоқ маҳалласи аҳли эмас, балки бутун Ўзбекистон фахрланади. 
Зилола ОМОНОВА.