Охирги янгиликлар

"Uzbek Tigers" – "Cuba Domadores" Спорт

Дунёдаги энг кучли деб баҳоланаётган бу икки жамоа Самарқандда куч синашади

Бугун, 13 май куни Самарқанд шаҳрида мамлакатимиз ёш боксчиларининг "Uzbek Tigers" жамоаси чорак финал учрашувида  WSB турнирининг амалдаги ғолиби – Кубанинг "Cuba Domadores" жамоасига қарши рингга кўтарилади.
Кеча "Регистон Плаза" меҳмонхонасида халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA шафелигида ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсуми плей-офф беллашувлари олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Куба бокс федерацияси президенти Алберто Пунг де Ла Барса, бош мураббий Акебал Роналдо, Ўзбекистон бокс федерацияси маслаҳатчиси Малик Бобоев ва бош мураббий Тўлқин Қиличев журналистларнинг саволларига жавоб берди, мусобақа бош ҳаками Мариа Карина Риксон иштирокида боксчилар вазнини ўлчаш маросими бўлиб ўтди.
Самарқанддаги "Мўъжиза" амфитеатрида ўтказиладиган муҳим учрашувда "Uzbek Tigers" жамоаси шарафини Олимпия чемпиони ҳамда Осиё ўйинлари ғолиблари – 49 килограмм вазнда Ҳасанбой Дўсматов, 56 килограмда Муроджон Аҳмадалиев, 64 килограмда Иқболжон Холдоров, 75 килограмда Исроил Мадримов ва 91 килограмм вазн тоифасида Санжар Турсунов ҳимоя қилади.
Беллашувлар уй-сафар тизимидаги иккита жангдан иборат бўлиб, умумий ҳисобда ғолиб чиққан жамоа кейинги босқичга ўтади.
"Uzbek Tigers" ва "Cuba Domadores" жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви 19 май куни Кубанинг Гавана шаҳрида бўлади.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.