Охирги янгиликлар

FIDE президенти Самарқандда Спорт

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида жаҳон кубоги саралаш босқичига ташриф буюрган Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Самарқанд шаҳрида бўлди.
Меҳмон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори А.Воҳидов ҳамроҳлигида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, Амир Темур мақбараси ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
– Самарқанд шаҳрига биринчи марта келяпман, – дейди К.Илюмжинов. – Таъриф қилинганидан ҳам гўзал ва тарихий шаҳар экан. Айниқса, салкам уч минг йиллик тарихга эга обидалари менда катта қизиқиш уйғотди ва унутилмас таассурот қолдирди. Ёш шахматчиларнинг иқтидорига гувоҳ бўлар эканман, юртингизда спортга, айниқса, шахматга бўлган эътибор юқори эканлигига яна бир бор амин бўлдим. 
Ташриф давомида К.Илюмжинов иштирокида ҳаваскор шахматчилар учун блиц-турнир ташкил этилди. 
Б.РУСТАМОВ.

Боксчиларимиз халқаро турнир ғолиби
Ургут туманидаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. 
Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан келган икки юз нафардан зиёд ёш боксчи иштирок этган турнирда саккиз вазн тоифасида баҳслар ўтказилди.
Вакилларимиздан О.Тошмуродов, А.Эсанов, О.Олтибоев (Ургут тумани), Д.Боз, Х.Юнусов (Самарқанд шаҳри)лар ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасида мезбонлардан Н.Асатуллаева, Ш.Абдуллаева, А.Ҳайдарова ҳамда М.Ҳакимовалар шоҳсупанинг юқори поғоналаридан ўрин олишди.
Умумжамоа ҳисобида мезбон спортчилар биринчи ўринни олишди. Чимкент (Қозоғистон) ҳамда Ангрен (Тошкент вилояти) шаҳарлари вакиллари иккинчи ва учинчи поғоналарни банд этди. 

Жасур МАМАДАМИНОВ.