Охирги янгиликлар

"Динамо" – ярим финалда! Спорт

Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги чорак финал жавоб учрашувида "Динамо" жамоаси Муборакда "Машъал" футболчиларини мағлуб этиб, дастлабки ярим финалчига айланди.
Учрашувни ҳужумкор руҳда бошлаган футболчиларимиз 39-дақиқада ҳисобни очишди. Самарқандликлар ҳужумчиси А.Сафаровнинг голи жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳужумни кучайтириб, 53-дақиқада мувозанатни тиклади – 1:1.
Учрашувнинг 60-дақиқасида рақиб томонидан ўйин қоидаси бузилгани учун белгиланган пенальтини С.Сулаймонов аниқ амалга ошириб, ҳисобни 1:2 етказди.
Самарқандда ўтган дастлабки учрашувда муборакликлар 0:1 ҳисобида ғолиб бўлишган эди. Шундай қилиб, "Динамо"чилар 16 йилдан буён илк марта Ўзбекистон кубоги ярим финалига йўлланма олишди. Энди улар финал учун курашда "Бунёдкор" – "Нефтчи" ўйини ғолибига қарши майдонга тушади. 
Дилмурод ТЎХТАЕВ.