Охирги янгиликлар

Барҳаёт қадриятлар Спорт

Самарқанд шаҳридаги яккакураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида миллий спорт турлари ҳафталиги ўтказилмоқда.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан ташкил этилган ҳафталикда миллий, белбоғли, турон яккакурашлари, ўзбек жанг санъати ва халқ ўйинлари бўйича шаҳар ҳамда туманлардан келган спортчилар ғолиблик учун беллашмоқда. 
Мусобақанинг дастлабки кунида спортнинг миллий кураш тури бўйича ўтказилган баҳсда 50 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун беллашди. Беллашув якунига кўра, ўғил болалар баҳсида пастдарғомлик Достон Усмонов, Тойлоқдан Асқар Мўминов, қизлар ўртасида Пахтачи туманидан Азизабегим Нажмиева ва Самарқанд шаҳридан Нигина Рустамова биринчи ўринни эгаллади.
Турон яккакураши беллашувларида 40 нафарга яқин ўғил-қиз иштирок этди. Ўғил болалар ўртасида Пайариқ туманидан Аслиддин Хонтўраев, Илҳом Файзуллаев ғолиб бўлган бўлса, қизлардан иштихонлик Меҳрибону Яхшиликова ҳамда Ситора Бобоназаровага тенг келадигани топилмади.
– Ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мусобақа бош мезони саналади, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Эркин Зубайдуллаев. – Бугунги мусобақа давомида ўғил-қизларимизнинг шижоати ва шаштини кўриб қувондик. Миллий спортимизга бўлган қизиқишнинг юқорилиги ушбу спорт турларининг бардавом бўлишини таъминлайди.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
"Барҳаёт қадриятлар" спорт ҳафталиги 12 августга қадар давом этади.
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ.