Охирги янгиликлар

Спорт жонкуяри Спорт

Самбо кураши бўйича тажрибали ва фидойи мураббий Жаъфар Жабборовни шундай аташади
 
1980 йил. Ўша пайтларда Нурота тумани Самарқанд вилоятига қарашли эди. "Ёш куч" мактаб ўқувчилари спорт жамияти вилоят ташкилотининг ҳисобот йиғилишида Нурота туманида жисмоний тарбия ва спорт ишлари оқсаётганлиги бот-бот тилга олинди. Вазиятни ўнглаш учун ишчан, ташкилотчи раҳбар зарур эди. Жамият раҳбари Ваҳоб Мухторов бу муҳим ишни ёш, ҳаракатчан мутахассис Жаъфар Жабборов зиммасига юклади.
Нурота қаёқдаю, Самарқанд тумани қаёқда. Бироқ, касбга меҳр, спортга иштиёқ Жаъфарни Нуротага боришга даъват этади. Нурота деган жой бийдай чўл ва ўнқир-чўнқир қирлардан иборат эмасми, қишлоқлар ҳам кўз илғамас кенгликларга сочилиб кетган, ҳар бир қишлоқ ораси 50-60 километрдан кам эмасди. Жаъфар Жабборовдаги ёшлик ғурури унга билдирилган ишончни оқлашга чорларди: қишлоқ ҳаётига, чўл ҳаёти синовларига бардош бериши лозим эди.

Шу туфайли у бор кучи ва тажрибасини туманда спортни ривожлантиришга, уни оммалаштиришга қаратди. Баъзан яёв, баъзан мотоциклда, хуллас, дуч келган уловда давлат хўжаликларини, корхона ва ташкилотларни кезди. Қишлоқларни бирма-бир айланиб чиқди. 
Интилганга толе ёр дейдилар. Ҳаракат ўз самарасини бера бошлади. Туманда энг йирик корхона ҳисобланган «ўозғонмармар» кони ташкилотида аллақачон унутиб юборилган спорт қайта жонланди. Спорт тўгараклари ташкил этилиб, анжомлар билан тўлдирилди. Ишчилар ва уларнинг фарзандлари ўртасида турли мусобақалар ўтказилди.
Кўп ўтмасдан ўозғон шаҳарчасида спортнинг дзю-до кураши бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди. 
Келтирилган бу мисоллар Жаъфар Жабборов ҳаётидан бир шингил, холос.

У 1957 йилда Самарқанд туманининг Оқмачит маҳалласида туғилди. Жаъфар саккизинчи синфни битириб, Самарқанд физкультура (ҳозирги педагогика коллежи) техникумида ўқиди. Кейинчалик тумандаги 37-ўрта мактабда жисмоний тарбия фани бўйича ўқитувчилик қилди. 1978 йилда ёш ўқитувчи Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги негизида ташкил этилган мактаб ўқувчиларининг "Ёш куч" спорт жамияти вилоят бўлимига ишга ўтказилди. Йўриқчи, катта йўриқчи, бўлим бошлиғи каби вазифаларни бажарди. "Пахтакор" кўнгилли спорт жамияти вилоят бўлимида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини, кейинчалик Самарқанд давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини битирган Жаъфар Жабборов яна кўп йиллар турли спорт ташкилотларида меҳнат қилиб ўз истеъдодини намойиш этди. Айни пайтда малакали мутахассис Самарқанд туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўриндошлик асосида, 2008 йилдан буён вилоят олий спорт маҳорат мактаби ҳамда 2016 йилдан эътиборан вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида дзюдо ва самбо бўйича мураббийлик қилмоқда. 
Ж.Жабборов ташаббуси билан 1990 йилда Самарқанд туманида байналминал жангчилар ва захирадаги аскарлар кенгашининг "Сиёвуш" ватанпарварлик уюшмаси ташкил этилди. Шогирдлари бир қатор халқаро турнир ва мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Осиё ва жаҳон чемпионатларида самбо бўйича Ўзбекистон хотин-қизлар миллий терма жамоасининг расмий мураббий-вакили этиб сайланган Жаъфар Жабборовнинг спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантиришдаги кўп йиллик самарали фаолияти муносиб тақдирланган. У II даражали "Соғлом авлод учун" ордени ва "Ўзбекистон халқ таълими аълочиси" нишони билан мукофотланган.
Жамоат ишларида фаол, спорт жонкуяри Жаъфар Жабборов турмуш ўртоғи Нодира Шарипова билан тўрт нафар фарзандни муносиб тарбиялаб келмоқда. 
Яқинда у 60 ёшни қаршилади. Самбо кураши бўйича ўзига хос мактаб яратган азиз устозни қутлагани дўстлари, ҳамкасблари ва албатта шогирдлари жам бўлдилар.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА.