Охирги янгиликлар

Чим устида хоккей Спорт

Самарқанд шаҳрида аёллар ўртасида спортнинг чим устида хоккей тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақада Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Хоразм ҳамда вилоятимиз спортчилари ғолиблик учун куч синашди. 
Мусобақа якунига кўра, вилоятимиз терма жамоаси вакиллари шоҳсупанинг биринчи поғонасини банд қилди. Иккинчи ўрин Бухоро вилояти вакилларига насиб қилган бўлса, учинчи ўринга наманганлик спортчилар муносиб топилди. 
Рустам УМИДОВ.

Рақс спорти
Самарқанд шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида спорт рақси бўйича "Samarkand open cup-2017" халқаро турнири бўлиб ўтди.
Республика жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон рақс спорти федерацияси ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада Россия, Қозоғистон, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанддан 200 нафардан ортиқ спортчи Лотин Америка ва европача рақс йўналишларида ғолиблик учун беллашди.

Юнон-рум кураши
Самарқанд шаҳрида спортнинг юнон-рум кураши бўйича 2001-2002 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган 250 нафардан ортиқ спортчи ёшлар 11 вазн тоифасида ғолиблик учун гиламда куч синашди.
Самарқанд олимпия захиралари коллежи спортчилари Лазизхон Ўзбеков, Муҳаммад Поёнов, республика олимпия захиралари коллежи ўқувчилари Асадбек Баҳронов, Акмал Ҳамроев, Муҳаммадқодир Расулов, Бегзод Аҳмедов, наманганлик Зиёвуддин Мамажонов, Сардор Азимжонов, тошкентлик Аброр Нурмуҳаммедов, Бухородан Намоз Абдуллаев, Навоий вилоятидан Муҳаммад Сайдуллаев ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, мусобақа ғолиби бўлишди.
Б.РУСТАМОВ.