Охирги янгиликлар

Кураш – мардлар беллашуви Спорт

"Кураш", "Ҳалол", "Таъзим", "Тўхта", "Ўнбош" каби атамалар бугун сайёрамизнинг деярли барча давлатларининг спорт ареналарида янграмоқда. 1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси 129 миллий кураш федерациясини ўзида бирлаштирган бўлиб, йилига ўнлаб халқаро мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Яқинда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида кураш ўз тарихида биринчи бор расман XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилганлиги унинг жаҳондаги нуфузини белгилаб бермоқда. 

– Вилоятимизда йилига 20 дан ортиқ турли даражадаги мусобақалар ташкил этилади, – дейди вилоят миллий кураш федерацияси масъул котиби Иброҳим Каримов. – Спорт залларимизда 40 га яқин тажрибали устоз-мураббийлар тўрт мингдан ортиқ спортчиларга кураш сир-асрорини ўргатиб келмоқда. Юздан ортиқ курашчилар турли ёшдаги терма жамоалар таркибида халқаро турнир ва мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Таниқли кураш мутахассиси Р.Солиев Ашхабодда ўтказилган Осиё ўйинларида терма жамоамизга бош мураббийлик қилди. Вьетнамда ўтказилган Соҳил ўйинлари бўйича Осиё чемпионатида С.Худойбердиев шоҳсупанинг юқорисидан ўрин олган бўлса, М.Шамсиддинов кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Ҳиндистонда ўтказилган 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 60 килограмм вазнда Р.Бўриев жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Яқинда Эронда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Э.Қозоқов олтин, Б.Турсунов эса кумуш медални қўлга киритди. 

Ютуқларимиз кўп, аммо кейинги йилларда вилоятимизда миллий кураш турига қизиқиш бироз сусайди. Самарқанд шаҳрида, шунингдек, Паст Дарғом, Нуробод, Қўшработ туманларида кўплаб иқтидорли курашчилар етишиб чиқаётган бўлса, Каттақўрғон шаҳри ва тумани, Пайариқ, Нарпай туманларида кўрсаткичлар кўнгилдагидек эмас. Бунга миллий курашга мўлжалланган спорт заллари, гилам ва бошқа спорт жиҳозлари етишмаслиги, малакали мураббийларнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда. 
Вилоятимизда қобилиятли курашчиларни аниқлаш, мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш яхши йўлга қўйилмаган. Халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Шунингдек, зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасининг етарли эмаслиги, спорт анжомларининг тақчиллиги машғулотларни талаб даражасида ташкил этиш ҳамда кураш бўйича халқаро мусобақаларни ўтказишга тўсқинлик қилмоқда.

– Миллий кураш олимпия спорт турларига кирмаганлиги учун 2005 йилдан бошлаб чемпионларимизнинг олий ўқув юртларига ўқишга имтиёзли қабули тўхтатилди, – дейди Иброҳим Каримов. – Тўрт йил олдин эса тизимли спорт мусобақалари дастурларидан ҳам олиб ташланди. Вилоятда кураш гиламлари ишлаб чиқарадиган Самарқанд туманидаги "Зулфия" хусусий корхонасидан бошқа корхона йўқлиги спорт анжомларининг етишмаслигини билдиради. Шунингдек, ёш спортчиларни кураш кийимлари билан таъминлашда қийинчиликлар бор. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди.
Президентимизнинг жорий йил 2 октябрда қабул қилинган "Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори спортнинг мазкур турини жаҳон бўйлаб оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат билан 6 сентябрь "Кураш" миллий спорт тури куни деб эълон қилинди. 

Шунингдек, ушбу спорт тури "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" спорт ўйинлари дастурига киритиладиган бўлди. Кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартиби жорий этилади.

Яна бир гап. Кураш нафақат спорт тури, балки миллий байрамлар ва халқ сайилларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ота-боболаримиз Наврўз байрами, сайил ҳамда тўйларда ташкил этилган курашларда қишлоғи, маҳалласи полвони ортидан ўртага чиқиб, орият учун курашган. Бу каби норасмий турнирлар ҳам курашни ривожлантиришда катта ўрин тутади. Тўғри, қишлоқ жойларда қир-адирлар ёки чим устида ҳам буни ташкиллаштирса бўлади. Аммо шаҳарларда тўй курашларини ўтказиш осон эмас. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонига яқин жойда 2-3 минг мухлис сиғадиган махсус кураш аренаси қурилса, шаҳарликлар тўй курашларини шу ерда ўтказишлари мумкин бўлади. Шаҳримиз меҳмонлари ва сайёҳлар ҳам курашнинг нақадар жозибадорлигига, унинг ҳалол ўйин эканлигига гувоҳ бўлишарди. Натижада юртимизда спорт туризми ривожланади. 
Дилмурод ТЎХТАЕВ.