Охирги янгиликлар

Чемпионлар маҳалладан чиқади Спорт

Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари тайёрлаш марказида "Футболимиз келажаги" мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят футбол федерацияси, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар баҳс олиб борди.  
– Ушбу мусобақа ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни кашф этишга хизмат қилмоқда, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Сайёра Жумаева. – Бу каби мусобақалар орқали ҳудудларда, айниқса, олис қишлоқ ва маҳаллаларда яшаб, яшил майдонда тўп сураётган, қалбида футболга меҳри баланд ёшларни аниқлашда тажриба мактаби вазифасини бажариб келмоқда.
9-10 ёшлилар ўртасидаги беллашувда Пайариқ тумани Маданият маҳалласи ёшларининг қўли баланд келган бўлса, 11-12 ёшли футболчилар баҳсида Самарқанд тумани Паст Оҳалик маҳалласи жамоаси тенгқурларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. 13-14 ёшлилар мусобақасида Каттақўрғон шаҳри Дамариқ маҳалласи ёшлари маҳоратли эканликларини исботлашди.
Мусобақа якунида "Энг яхши ҳимоячи", "Энг яхши ҳужумчи", "Энг яхши дарвозабон" номинациялари бўйича муносиб деб топилганлар     рағбатлантирилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.