Охирги янгиликлар

Куч – маҳорат ва эпчилликда Спорт

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси вилоят бўлими томонидан қўл жанги бўйича "Самарқанд вилояти биринчилиги-2017" мусобақаси  ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлардан сараланган иштирокчилар турли вазн тоифасида куч синашди.
Мусобақа аввалида спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларининг чиқишлари ва концерт дастури намойиш этилди. 

– Бизда спортнинг мазкур тури бўйича профессионаллар ўртасидаги мусобақа биринчи бор ўтказилмоқда, – дейди вилоят қўл жанги федерацияси ижрочи директори Раҳим Қодиров. – Келгусида буни янада оммалаштириш орқали республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этишни мақсад қилганмиз. Бугун ўз вазни бўйича ғолиб бўлганлар декабрь ойида Тошкентда ўтказиладиган ҳарбий хизматчилар хотира турнирида иштирок этади.  
Профессионаллар ўртасидаги баҳсда уч вазн тоифасида финал босқичи бўлиб ўтди. Унда 65 килограмм вазн тоифасида нарпайлик Шаҳзод Жўрақулов, Самарқанд шаҳридан икки спортчи – 70 килограмм вазнда Шаҳзод Аҳмаджонов ва 75 килограмм вазнда Шоҳрух Амриддинов ғолиб бўлди.
Мусобақанинг иккинчи кунида ҳаваскорлар ўртасида баҳс бўлиб ўтди. Унда 10-11, 12-13, 14-15, 16-17 ва 18 ёшдан юқори бўлган ўғил-қизлар ўртасида ғолиблар аниқланди. 
Иштирокчилар ҳамда ғолиблар ҳомийлар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.