Охирги янгиликлар

Эрталабки бадантарбия – истироҳат боғида Спорт

Инсон саломатлигининг асоси – соғлом турмуш тарзи. Бадантарбия, спорт билан шуғулланиш эса соғлом турмушнинг муҳим мезони ҳисобланади. Шу боис вилоят ички ишлар, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида оммавий бадантарбия машғулотларини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
3 ноябрь куни эрталаб ушбу идоралар меҳнат фахрийлари, шаҳардаги маҳаллалар фаоллари истироҳат боғида илк машғулотларни бошлаб берди. 
– Бу ташаббус аҳоли, жумладан, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси ўринбосари Сайёра Жумаева. – Эндиликда бу ерда аҳолининг барча қатлами – ёшлар, кексалар, хотин-қизлар тажрибали мутахассислар ёрдамида эрталабки бадантарбия машғулотларида иштирок этишлари мумкин. Келгусида вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларидаги истироҳат боғлари, хиёбонларда шу каби спорт машғулотларини ўтказиш йўлга қўйилади.
– Эрталабки бадантарбия инсонни жисмонан ва руҳан тетиклаштиради, – дейди Ҳофиз Шерозий маҳалласида яшовчи 76 ёшли Зинаида Хўрозова. – Шу боис оиламизда ҳам барчамиз тонгни спорт машғулотлари билан бошлаймиз. Лекин сўлим хиёбонда кўпчилик билан бирга машқлар бажариш кишига бошқача завқ бағишлар экан. Биз, фахрийларнинг бу машғулотларда қатнашишимиз набираларимиз учун ибрат бўлади.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.
Маҳаллада спорт оммалашмоқда
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан маҳалла ёшлари ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда. 
Спортнинг 7 тури бўйича мусобақалар – "Маҳалламиз паҳлавонлари" кураш ўйинлари, "Футболимиз келажаги" кубоги, "Биз ақл-идрокли оилалармиз", "Соғлом оила" шиорлари остида шахмат ва шашка, "Отам, онам ва мен – спортчи оила" оилавий спорт турнирлари, "Биз эпчил ва чаққонмиз", "Маҳалламиз стол теннисчилари", "Маҳалламиз бадминтончилари" спорт ўйинларининг маҳалла, туман (шаҳар) ҳамда вилоят босқичлари юқори савияда ташкил этилди. 
Ушбу мусобақаларга энг чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи ўсмирлар ва профилактик ҳисобда турувчи оила фарзандлари, вилоят бўйича жами 90 мингга яқин ёшлар қатнашди. 
Маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган мулоқот, давра суҳбатлари ва учрашувларга ёшлар билан биргаликда ота-оналар ҳам жалб этилмоқда. 

Холбек ЭЛИБОЕВ.