Охирги янгиликлар

ЎЗИМИЗНИНГ ЧЕМПИОН ЙИГИТЛАР Спорт

Жаҳонгир илк бор шоҳни мот қилганида жажжи болакай эди. Халқаро гроссмейстер, FIDE арбитри Тоҳир Воҳидов доим ишда, шахмат мусобақаларида бўлса-да, ўғли билан шуғулланишга етарлича вақт ажратишга ҳаракат қиларди. Фарзандлар тарбияси билан машғул оила бекаси бошқача йўл тутди: у қисқа фурсатларда шахмат сирларини  ўрганиб, Жаҳонгир билан ўзи шуғуллана бошлади. Шу боис "Менинг биринчи устозим онам бўладилар", дейди Жаҳонгир. 

Истеъдод, интилиш ўз самарасини берди – Жаҳонгир 8 ёшида шахмат бўйича мамлакат чемпиони бўлди. 9 ёшида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган мусобақаларда ғолиб бўлди. 10 ёшида шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этиб, 190 давлат шахматчилари ўртасида кучли 5 таликка кирди. Норвегиянинг Тромсе шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шахмат олимпиадасида илк дебют қилди, 16 ёшида халқаро спорт устаси, 19 ёшида халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди. 

2016 йилнинг январь ойида Англияда бўлиб ўтган "91-Hastings International Chess Congress" анъанавий шахмат фестивалида Жаҳонгир муваффақиятли иштирок этиб, бош совринни қўлга киритди. Шу йилнинг апрелида Британия пойтахтида ўтказилган яна бир халқаро турнирда у юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, 9 партиянинг 6 тасида ғалаба қозонди. Учта партияда дуранг ўйнади. Шу тариқа, 9 имкониятдан 7,5 очко жамғарган Жаҳонгир "Colin Crouch Celebration Chess Congress – Masters" турнири ғолибига айланди.
2017 йилнинг 15-25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий саралаш мусобақасида Жаҳонгир Воҳидов шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой олиб, шахмат бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон кубогида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. 2-22 сентябрь кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон кубоги мусобақасининг финал босқичида дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари билан дона суриб, муваффақиятли иштирок этди.

Туркманистонда бўлиб ўтган жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида ўзбекистонлик шахматчилар 2 марта 5-чи ўринни эгаллади. Шахмат баҳсларининг рапид ва блиц йўналишларида мусобақалашган Жаҳонгир терма жамоа ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Мамлакатимизнинг энг фаол шахматчилари ўнталигида бешинчи ўринда бораётган Жаҳонгир айни пайтда халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. 

– Машғулотлар учун кунига 10 соат вақт ажратаман, – дейди у. – Жисмоний машқларга кун давомида 2-3 соатдан вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Шахмат – ақл машқи. Лекин шахматчи доим фаол ҳолатда бўлиши учун жисмоний машқларни ҳам канда қилмаслиги керак. 
Бу ҳаммаси эмас. Самарқандда шахматчилар сулоласи сифатида танилган Воҳидовлар оиласида яна икки маҳоратли шахматчи етишиб чиқмоқда. Булар Шаҳзод ва Далер Воҳидовлар. Шаҳзод академик лицей ўқувчиси. Шахматнинг блиц йўналишида Осиё чемпионати ғолиби. Далер Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси. У 2016 йил Эронда бўлиб ўтган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медаль олиб қайтди. Кўплаб мусобақалар ғолиби, мамлакат терма жамоаси аъзоси. Интилишда, ўз устида ишлашда барчага намуна бўла оладиган бу чемпион йигитлар ота-онасининг фахри, Самарқандимиз юлдузлари, мамлакатимиз ифтихорлари. 
Зилола РУСТАМОВА.


Reklama huquqi asosida