Охирги янгиликлар

Ҳамма ёшлар ҳам оқибатсиз эмас Таълим

Тўйдан қайтаётган отахонларнинг суҳбат мавзуси ҳозирги ёшларга қаратилди. Кимдир уларни оқибатсиз , яна кимдир уятсиз бўлиб боряпти, деди. Ҳали суҳбат якунига етиб улгурмасдан гузар бошидаги кўчага қайрилсак, бир гуруҳ мактаб ўқувчилари маҳалладошимизнинг уйи олдида тўпланиб туришибди. Ўқувчилардан бири биз билан саломлашгач, бу ерда нима қилаётганликларини сўрадим. 
Билишимча, мактабнинг юқори синф ўқувчилари беҳуда харажатлардан тежаган пулларини қишлоғимизда ёрдамга муҳтож бўлиб қолган икки-уч оилага улашишибди, бетобларнинг ҳолидан хабар олишибди ва кексаларнинг ҳовли-жойларини ободонлаштиришибди. 
Уларнинг бу ишларини кўриб, бир маҳалладан бўла туриб бетоб дўстимиздан хабар ололмаганлигимиздан уялиб кетдик. Биз, кексаларга меҳр-мурувват кўрсатаётган ўқувчиларга раҳмат айтдим. Шундай авлодни оқибатсиз бўлиб боряпти, деб айта оламизми? 
Насриддин ЭШҚУВВАТОВ.