Охирги янгиликлар

Истеъдодлар сараланди Таълим

Самарқанд шаҳридаги 24-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида кўп овозли халқ чолғу ансамбли ва оркестрларининг "Наврўз садолари" III халқаро мусиқа кўрик фестивалининг вилоят саралаш босқичи  ўтказилди. 
– Ёш ижрочиларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқишда бу каби кўрик-танловларнинг аҳамияти катта, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти Шерзод Умаров. – Танлов ҳар икки йилда бир марта икки босқичда: тоқ йиллари I-II гуруҳлар (4 ёшдан 15 ёшгача) ва жуфт йиллари III-гуруҳ (16 ёшдан 19 ёшгача) ўртасида ўтказилади. Бу йилги танловда нафақат Осиё давлатлари, балки Европа қитъасидан ҳам мусиқачилар иштирок этиши кутилмоқда. 
Мусиқа кўрик фестивалида гуруҳлар ансамбль ва оркестр жўрлигида яккахон асар (чолғу ёки вокал), жаҳон композиторлари асарлари, оркестр жўрлигида яккахон чолғу ижроларини намойиш этишди.
Ижрочилар маҳорати ҳакамлар ҳайъати томонидан 25 баллик тизимда баҳолаб борилди. ўолиб жамоа кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. 
"Наврўз садолари" III халқаро мусиқа кўрик фестивалининг якуний босқичи мамлакатимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида шу йилнинг 25-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Зилола ОМОНОВА.