Охирги янгиликлар

Битирувчининг ўз лойиҳаси бор Таълим

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида "Туристик фирмалар, меҳмонхоналар ва олий таълим муассасалари билан инновацион корпоратив ҳамкорликни ривожлантириш ва битирувчи талабаларни иш билан таъминлашни йўлга қўйиш" мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда институт ўқитувчи, талабалари, вилоятда фаолият кўрсатаётган туристик фирма ва меҳмонхоналар вакиллари, соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этди. 
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Сувонов Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бўйича соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгилангани ҳақида маълумот берди. Институт профессорлари Д.Асланова, И.Тўхлиев мазкур муассаса ўқитувчи ва талабалари томонидан туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Бир гуруҳ иқтидорли талабалар истиқболли лойиҳалар тақдимотини ўтказди. 
– Ecotel деб номланувчи лойиҳамда ҳудудларда арзон, сифатли ва қулай меҳмонхоналар қуриш кўзда тутилган, – дейди институт сервис ва туризм факультети талабаси Абдулазиз Суяров. – Бу меҳмонхоналар атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. 
Институт талабаларининг лойиҳалари туризм соҳаси вакилларида қизиқиш уйғотди. 
Гулруҳ МЎМИНОВА.