Охирги янгиликлар

Таълимга эътиборсизлик ёшлар келажагига бефарқликдир Таълим

Вилоят прокуратурасида Ўзбекистон  Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 
Унда вилоят халқ таълими бошқармаси ва унинг тизимларида таълим-тарбия, муассасалар моддий-техника базасидан фойдаланиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи муҳокама этилди. 
Таъкидланишича, ҳозирда вилоятда 1218 та мактаб  мавжуд бўлиб, уларда 561 минг 726 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 
Ўрганишлар давомида мактабларда ўқувчиларга таълим-тарбия беришда бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Хусусан, Нуробод туманидаги 76 та умумтаълим мактабида 24 минг 664 нафар ўқувчилар таълим олишмоқда. Таълим муассасаларидаги 2 минг 194 нафар педагог ходимлардан 1684 нафари олий, 510 нафари ўрта махсус маълумотга эга, 5 нафари номутахассис, 57 нафари 5 йил мобайнида малакасини оширмаган.

Инглиз тили, бошланғич таълим, математика, кимё, она тили ва адабиёт, физика, тарих, информатика, биология, мусиқа, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фани бўйича 35 нафар ўқитувчи етишмайди.
Умумтаълим мактабларининг 68 таси замонавий усулда қурилган бўлса-да, 8 таси капитал таъмирлашга, 6 таси капитал реконструкцияга муҳтож, 67 таси табиий газ билан таъминланмаган, 75 тасида ошхона ёки буфет ташкил қилинмаган, 71 тасида эса тиббий хона фаолият кўрсатмаяпти. Мактабларда 781 дона дарсликларга эҳтиёж мавжуд. 
Шунингдек, Иштихон туманидаги 93 та умумтаълим мактабига 73 нафар олий маълумотли мутахассис-психолог етишмайди. Қўшработ туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқув-лаборатория ускуналари тўлиқ эмас. Ахборот-ресурс маркази ташкил этилмаган, бошланғич синфлар электрон дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланмаган.
Таълим муассасаларида бюджет маблағлари талон-торож қилинаётганлиги ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Ургут туманидаги 18-умумтаълим мактаби мансабдор шахслари томонидан 2016-2017 ўқув йилида 27 ҳолатда 13 миллион 477 минг сўм мукофот ва устама пуллари асоссиз тўланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида дарсларга мунтазам қатнашмаган, тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлаш талаб даражасида ташкил қилинмаганлиги, ўқувчиларни, битирувчиларни коллежга жалб қилиш, фан, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилмаганлиги танқид қилинди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. 
Шерзод МАҲАММАДИЕВ,
вилоят прокурорининг катта
ёрдамчиси.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив