Охирги янгиликлар

Аграр тармоқ талабалари масофадан ўқитилади Таълим

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Европа иттифоқи ERASMUS+ дастурининг ACADEMICA – ("Марказий Осиёда олий таълимнинг очиқлиги ва ҳамоҳанглигини ўқув дастурларини модернизациялаш ҳамда ривожлантириш орқали таъминлаш") лойиҳаси доирасида икки кунлик семинар ташкил этилди. 
Унда Болгария, Испания, Италия, Австрия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистондаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, халқаро лойиҳалар координаторлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари иштирок этди. 
Семинарда Марказий Осиёнинг иштирокчи давлатларида Европа тажрибасини қўллаган ҳолда олий таълимни ривожлантириш, таълим жараёнларида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, фан ўқув дастурини модернизация қилиш ва янгича ёндашувда таълим бериш борасида маърузалар қилинди. 

– 2015-2018 йилларга мўлжалланган ACADEMICA лойиҳаси инженерия йўналишидаги муассасаларда 5 та иш пакетини қамраган ҳолда фаолият олиб бормоқда, – дейди лойиҳа бош координатори Мария Монива-Желева. – Бунда ўқитувчиларни глобал рақамли ўқитиш ва ўқиш соҳасида фаоллигини оширишга катта эътибор қаратдик. Бунинг учун иштирокчи давлатларнинг 15 муассасасидан 40 дан ортиқ ўқитувчи жалб қилиниб, Moodle тизими орқали ўқитилди. Улар шу вақтда орттирган тажрибалари асосида ўз таълим муассасаларида янгича дарс ўтишни қўллайдилар. Дастур натижасида ижобий хулоса олинса, бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирганмиз. 
Иштирокчилар инженерия йўналишига АКТ тизимини жорий қилишнинг афзалликлари, аграр тармоқда инновацион таълимдан фойдаланиш ва масофавий ўқитишнинг фойдали жиҳатлари борасида фикр алмашдилар. 

– Ушбу лойиҳага институтимизнинг ҳар бир факультетидан номзодлар танлаб олиниб, Moodle тизими орқали уч ой давомида таълимда ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ёндашувлар ва интеграцияловчи муҳандислик соҳасидаги замонавий ўқув дастурлари асосида ўқитилди, – дейди ACADEMICA лойиҳаси менежери Шуҳрат Мардонов. – Улар институтда 2017-2018 ўқув йилида ўз йўналишларида ахборот технологияларини қўллаб, тажриба сифатида гуруҳлар ва талабаларни танлаб, янги ўқув дастурида дарс ўтиб, талабалар билимини синаб кўришади. Натижа ижобий бўлса, бу усулни кенгайтириш режалаштирилган. 
Семинар якунида танлаб олинган иштирокчиларга ACADEMICA лойиҳаси сертификатлари топширилди. 

Ўктам ҚЎЗИБОЕВ.