Охирги янгиликлар

География фанининг долзарб муаммолари Таълим

Эртага Самарқанд давлат университетида "География XXI асрда: муаммолар, ривожланиш истиқболлари" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси иш бошлайди.
Университет ташкил топганлиги ҳамда Самарқанд география мактаби шаклланишига муносиб ҳисса қўшган олим, профессор Мардонқул Умаров таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган анжуманда республикамиздаги олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари, табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг етук мутахассислари томонидан география фани ва таълимининг долзарб муаммолари, ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинади.

XXI асрни техника ва технологиялар, ахборотларнинг тезкор алмашиниш асри дейиш билан биргаликда экологик муҳитни инсон яшаши учун оптимал сақлаш асри деб ҳам аташ мумкин. Чунки тараққиёт шиддат билан ривожланаётган ҳозирги глобаллашув жараёнида сайёрамиз ва унинг алоҳида қисмларида табиий муҳитга инсон таъсири туфайли глобал миқёсдаги экологик муаммолар келиб чиқмоқда. Улардан кўпчиликка таниш бўлган иқлим ўзгариши, озон туйнуги, кислотали ёғинлар, чўлланиш ва баъзи бошқа глобал экологик муаммолар дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.

Шу жиҳатдан конференциянинг биринчи ялпи мажлисида географияга оид муаммолар, глобал иқлим ўзгариши, унинг оқибатлари муаммолари тўғрисида маъруза қилинади. Иккинчи ялпи мажлисда Ўзбекистонда сув муаммолари, Ўзбекистон географик атласининг мазмуни ва таркибий тузилиши, шамол энергияси ва унинг истиқболи, коллектор-дренаж сувларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни такомиллаштиришга бағишланган маърузалар тингланади.

Шунингдек, конференциянинг тўртта шўъбасида юздан ортиқ маъруза тинглаш, муҳокама қилиш режалаштирилган бўлиб, ҳудудларда туризм географиясини ривожлантириш, табиий географик тадқиқотларни экологик шароит билан боғлаб таҳлил қилиш, республикамиз ва вилоятларда аҳоли миграцияси ва агродемографик босим кўрсаткичлари, географик тадқиқотларда рельеф статистикасидан фойдаланиш, Орол денгизининг қуриган қисми геосистемаларини бошқаришнинг географик ва экологик жиҳатлари ва бошқа қатор муаммолар муҳокама қилинади.

Сир эмас, бизда суғорма деҳқончиликнинг асосий қисми, ундан олинадиган деҳқончилик маҳсулотларининг миқдори четдан келадиган сувларга боғлиқ. Сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, суғоришда илғор технологияларни қўллаш, ичимлик суви манбаларини муҳофаза қилиш республикамиз иқтисодиётини белгиловчи энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан анжуманда Фарғона водийсида ёғин миқдоридаги ўзгаришлар, тоғ яйловларида чўлланиш жараёнининг ривожланиши, сой сувларига антропоген таъсирнинг ижобий ва салбий натижалари, экин майдонларидан чиқарилаётган оқова сувларни тозалаш ва қайта фойдаланиш, дарё ҳавзаларида гидроэкологик шароитнинг ўзгаришида антропоген омиллар таъсири, антропоген таъсир туфайли атмосфера ёғинларининг кимёвий таркибидаги ўзгаришлар, маиший-хўжалик чиқиндилари ва улардан фойдаланиш муаммолари каби масалалар ҳам ўрганилади.

География фани ва унинг таркибига кирувчи фанларнинг туризмни ривожлантиришдаги энг асосий вазифаси шаҳар, ҳудуд учун туристик карталар, маршрутлар, туристик схемалар, йўл кўрсаткичлар, туристик буклетлар, атласлар тузиш ҳисобланади. Ушбу масалалар бўйича ўндан ортиқ маърузаларда республикамиз ва турли вилоятларнинг туристик-рекреацион имкониятлари ҳақида қизиқарли мунозаралар ва муҳокамалар бўлиши кутилмоқда.

Анжуманнинг яна бир шўъбаси "Экологик муаммолар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш" масалаларига бағишланган бўлиб, унда республикамиз ва унинг турли ҳудудларида экологик вазиятнинг кескинлашишига таъсир кўрсатадиган антропоген омиллар босими кучайиб бораётганлиги, табиатдаги мувозанатнинг бузилиши туфайли айрим жойларда ичимлик суви сифати ёмонлашганлиги, тупроқ, сув эрозияси кучайганлиги, яйловларда яйлов сиғимидан ортиқ мол боқиш туфайли чўлланиш жараёни жадаллашаётганлиги муаммолари муҳокама қилинади.
Арзимурод РАҲМАТУЛЛАЕВ,
СамДУ доценти.