Охирги янгиликлар

Қабул комиссияларида: Квоталар салмоғи, янги таълим йўналишлари Таълим

Вилоятимиздаги барча олий таълим муассасалари қабул комиссияларида 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда
 
Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида бакалавриатура йўналиши бўйича талабалар қабул қилиш квотаси ўтган йилга нисбатан 205 тага кўпайиб, 1520 нафар талаба қабул қилиш белгилаб берилди. Магистратура йўналиши учун 61 нафар (ўтган йили 26 нафар эди) талаба жалб қилинадиган бўлди.
Шу пайтгача институтда зоотехния таълим йўналишида фақатгина қоракўлчилик, паррандачилик бўйича мутахассислар тайёрланган бўлса, бу йилдан бошлаб, балиқчилик ҳамда асаларичилик йўналишларида ҳам кадрлар тайёрлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бундан ташқари, институтда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш касбий таълими йўналиши ҳам янгидан иш бошлади.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида олийгоҳнинг бакалавриатура йўналишига давлат грантлари асосида тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичлари ҳам белгиланиб, вилоятлар кесимида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилди.
Масалан, ветеринария мутахассислигига ажратилган 75 та давлат гранти асосидаги квота ўринлари вилоятлар кесимида – Қорақалпоғистон Республикасига 3 та, Хоразм, Сирдарё, Наманган, Фарғона вилоятларига 5 тадан, Бухоро ва Навоий вилоятларига 8 тадан, Самарқанд вилоятига 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Андижон вилоятларига 6 тадан, Тошкент вилоятига 2 та этиб тақсимланди.
Абдумўмин АЛИҚУЛОВ,
СамҚХИ қабул комиссияси масъул
котиби.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг бакалавриат йўналиши бўйича квота ўтган йилги каби 475 тани ташкил этса-да, магистратура таълим йўналиши бўйича қабул 24 тадан 32 тага оширилди. Илгари институтда менежмент, маркетинг йўналишлари бўйича мутахассислар фақат туризм соҳаси бўйича тайёрланган бўлса, бу йил бундай маркетинг ва менежмент мутахассисларни тармоқлар ва соҳалар бўйича тайёрлаш ҳам назарда тутилмоқда.
Аввал олий ўқув юртида мавжуд бўлган хизматлар соҳаси таълим йўналиши иккига ажратилиб, ресторан иши ҳамда товар экспертизаси хизматларини ташкил этиш бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Магистратура таълими йўналишида ҳозиргача мавжуд бўлмаган туризм фаолияти турлари бўйича мутахассислик ташкил этилди.
Анвар ХОЛИҚУЛОВ,
СамИСИ қабул комиссияси масъул котиби.
 
Самарқанд архитектура-қурилиш институтининг бакалавриатура йўналишига 1500 нафар (ўтган йилда 1130 нафар), магистратура йўналишига 80 нафар (ўтган йилда 36 нафар) қабул қилинади. 2017-2018 ўқув йилидан институтда илк бор касб таълими: шаҳар қурилиши ва хўжалиги, касб таълими: архитектура ҳамда ҳаётий фаолият хавфсизлиги таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар, шунингдек, қурилиш конструкциялари, махсус жиҳозлар ва муҳандислик тизимлари монтажи, кўчмас мулкни баҳолаш ва уни бошқариш таълим йўналишлари бўйича магистр мутахассислар тайёрлана бошлайди.
Муродқул
АБДУРАЙИМОВ,
СамДАҚИ қабул
комиссияси масъул котиби.

Самарқанд давлат тиббиёт институти бакалавриатурасига бу йил 530 (ўтган йили 425) нафар, магистратурага эса ҳар йилгидек 102 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган. 
Институтнинг бакалавриатура йўналишига давлат грантлари асосида тегишли тармоқлар ва ҳудудлар кесимида мақсадли қабул кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятларининг узоқ ва чекка ҳудудлари учун медицина соҳаси мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилди.
Саид ИНДИАМИНОВ,
СамДТИ қабул комиссияси масъул котиби.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида ахборот хавфсизлиги, компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари ҳамда ахборот коммуникация технологиялари соҳасида касб таълими йўналишлари бўйича қабул режаси ўтган йилгидан 70 нафарга кўпайиб, 385 нафарни ташкил этмоқда.
Қосим БЕКМУРОДОВ,
ТАТУ Самарқанд филиали қабул комиссияси масъул котиби.