Охирги янгиликлар

Инновациялар – тараққиёт омили Таълим

ХХI аср технологиялар асри, деб бежиз айтилмайди. Бугунги кунда ҳаётимизни янги ғояларсиз, янги техника ютуқларисиз тасаввур қила олмаймиз. Бу яратилган инновациялар авваламбор, халқаро ҳамжамият олдида мамлакат обрў-эътиборини оширади ва уни мустаҳкамлайди. Инновацион фаолиятни такомиллаштиришга мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан катта эътибор берилди.
Бу борада кўпгина танловлар, лойиҳалар эълон қилиниб, унда ёш олимлар ҳам иштирок этмоқдалар. Хусусан, Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги "Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан ҳар йили инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар  ярмаркалари ўтказиб келинмоқда. 

2017 йил мамлакатимизда инновацион фаолиятни кучайтиришда янги босқич бўлди, деб айтишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш ҳам киритилди.
 Булардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, инновация яратиш мамлакат ривожланишининг муҳим омилларидан бири экан, ушбу фаолиятни ривожлантиришга барча ўз ҳиссасини қўшиши даркор. 

Муҳаммадали РАҲИМОВ,
СамИСИ талабаси.