Охирги янгиликлар

Ўқувчилар таътилни қандай ўтказяпти? Таълим

Пахтачи туманидаги 33-умумтаълим мактабида кундузги оромгоҳ ташкил этилган бўлиб, унга 551 нафар ўқувчи қамраб олинган. Болаларнинг таътилни мазмунли ўтказишлари учун ҳар бир педагог сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
– Оромгоҳда ўқувчилар ёш жиҳатдан гуруҳларга бўлинган, – дейди мактаб директори Аҳмад Шамсиддинов. –  Ҳар бир гуруҳ режа асосида турли машғулотларда қатнашади. 
"Шахмат" тўгараги раҳбари Г.Мелиева ҳамда "Кураш" тўгараги раҳбари Ҳ.Кенжаевлар ўзларининг жонкуярлиги ва фидокорона меҳнатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб келмоқда. 
Бундан ташқари, "Моҳир қўллар", "Рассомчилик" ҳамда "Информатикани ўрганамиз" тўгараклари ҳам доимий фаолият кўрсатиб келмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, мактабимизда "Устоз-шогирд" анъанаси намунали даражада йўлга қўйилган. 
Мадина ХУШБАҚОВА. 
 
"Бинафша"
чиниқтириш билан бирга билим ҳам беради
Каттақўрғон туманидаги 5-умумтаълим мактабида ташкил этилган "Бинафша" кундузги болалар оромгоҳида 150 нафар бола ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда. 
Оромгоҳда дам олувчилар учун компьютер ва инглиз тили хоналари, шунингдек, бир неча минг дона китоб фондига эга кутубхона, спорт майдончалари, овқатланиш учун замонавий ошхона ва бошқа қатор қулайликлар яратилган. 
– Кундузги оромгоҳимиз фаолиятини намунали ташкил этиш мақсадида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққанмиз, – дейди мактаб директори Шуҳрат Нарзуллаев. – Ўқувчиларнинг зерикмасдан мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун турли кўрик-танлов ва интеллектуал викториналар, шунингдек, футбол, волейбол, шахмат-шашка каби спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. 
Нафосат ХОЛИҚОВА.