Охирги янгиликлар

Тарбиясиз тарбиячи ёхуд ношуд отанинг номаъқул даккиси хусусида Таълим

Ота бу гал уйга асабий ҳолатда қайтди. Раҳбар эрининг бундай аҳволига кўниккан хотин аввалига унча эътибор бермай, турмуш ўртоғининг жаҳлини туширишга уринди. Аммо эр яхши гапга ҳам қулоқ солмай ўшқирди:
– Ўғлинг қани, чақир бу ёққа!
– Тинчликми, отаси, бунча оташин бўлмасангиз...
– Бугун мактаб директори ишхонамга келди. Ўқитувчисининг ҳадди сиғмапти. Ўғлингиз ундоқ, ўғлингиз бундоқ, деб мени ер билан битта қилди. Математикадан билими жуда саёз экан.
– Ҳой, хўжайин, ўзи ҳозир талаб шунақа. Ўқитувчиси уйга ҳам келганди. Ҳозир кўпчилик ўқитувчилар ота-оналар билан учрашиб туради. Шунгаям ота гўри – қозихонами...
– Ҳой мияси айниган хотин, битта мишиқи директор мендай раҳбарни ер билан битта қилса, индамай турайми? Нега математикани ўқимайди бу зумраша. Чақир олдимга!
Она болани етаклаб келди. Бола бояқиш дафтар-китобини қўлтиғига қисиб дағ-дағ титраб турарди.
– Сен чиқ, – деди хотинига.
– Вой, нега чиқаман, болага нима демоқчисиз ўзи?
– Ишинг бўлмасин, чиқ дедим сенга.
Ота-боланинг суҳбати узоқ чўзилмади. Аввал математика дафтарини, кейин бошқа дафтарларини варақлаб кўрди.
– Директор ҳақ. Сен бола нега яхши ўқимаяпсан, нима етмайди сенга-а?
Бола жавоб беришга ҳам улгурмади, юзига тушган кучли шапалоқдан гилам устига ағанаб тушди.
Она хавотир билан уйга кирганда бола бояқиш ҳушсиз ётарди. Ота ҳам гарангсиб қолди.
– Ақлини еган ота, нима қилиб қўйдингиз? Уйда бирор марта газета, китоб ўқимай, тағин боладан нега ўқимайсан, деб хафа бўласизми? Бирор марта ўтириб, у билан дарс қилдингизми?
Эр жим, унинг жаҳли аллақачон пушаймонга айланиб улгурганди. Хотин эса ҳамон жаврайди:
– Ўтган гал урганингиздан буён кечалари боши оғриб чиқади, қайт қилади. Меҳр, раҳм-шафқат борми ўзи сизда? Одам ҳам ўз боласини, тағин саккиз яшарлик болани шундай урадими!
Ота нима қиларини билмай чиқиб кетди. Она эса болани бағрига босди.
– Ишқилиб, бошингга таъсир қилмаган бўлсинда...
Муродим УМРЗОҚОВ.


Reklama huquqi asosida