Охирги янгиликлар

Болаларга сарфланаётган маблағ келажак учун киритилган сармоя Таълим

Тўғриси, бу манзарани узоқ кутгандим… Одатда, шу соҳа бўйича мақола тайёрлашга тўғри келса, кўпроқ танқидий руҳда бўлар,   шунинг учун туманлардаги ушбу муассасаларга истар-истамай борардим. Бу гал умуман бошқача манзара. Эски услубда бўёқ қилинган деворлару, аллақачон муомаладан чиқарилиши керак бўлган ўйинчоқлар, қўлбола  жиҳозланган майдончалар – жуда кўп кузатганим мана шу каби ҳолат аста-секин камайиб бораётганига ишонч ҳосил қилдим. 
Ургут туманининг чекка – Раҳматобод маҳалласи ҳудудида жойлашган 12-мактабгача таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, бу манзарани бир эмас, минглаб оналар орзу қилса ажабмас, деган хаёлга бордик. Ўтган йили капитал реконструкция ишлари амалга оширилган боғчада барча хоналар болаларбоп таъмирланган. Ухлаш, ўйин, ювиниш хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган. 

Президентимизнинг "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, беш йил ичида вилоятда 281 та МТМ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, 7 та янги бино қуриш, 251 та бинони реконструкция қилиш, 23 тасини капитал таъмирлаш ва уларни замонавий талабларга жавоб берадиган ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу ишларни бажариш учун жами 311,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. 
– 2016 йили капитал реконструкция ишларига давлат бюджетидан 530 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди 12-МТМ мудираси Фотима Суюнбоева. – Барча хоналар қайта таъмирланди. Биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Қишлоқ аҳли, ҳомийлар ҳисобидан муассасани сув билан таъминлаш учун артезиан қудуғи қаздирдик. Бир пайтлар қишнинг совуқ кунларида болалар ҳам, боғча ходимлари ҳам жуда қийналарди. Яхши шароит болалар билан таълим-тарбия машғулотларини сифатли олиб боришга имкон яратди.

Ҳозир боғчага қатнайман деган болалар сони ҳам кўпайиб кетди. Афсуски, уларнинг барчасини қабул қилишга қувватимиз етмайди. 2014 йилдан бери таълимдаги глобал ҳамкорлик лойиҳаси доирасида қисқа муддатли гуруҳ ташкил қилингани ота-оналарнинг фарзандлари ўз вақтида таълим олишлари билан боғлиқ мақсадларига ҳамоҳанг бўлди. Мазкур гуруҳларда шу пайтга қадар 100 нафардан зиёд болалар илк сабоғини олди. Шу йил эса боғчага қатнамайдиган болалар учун ҳам бепул китоб ва қўлланмалар тарқатилаётгани болаларнинг китоб ўқиши, ота-оналарнинг фарзандлари билан уйда шуғулланишлари учун яхши имконият бўлди. "Камалакнинг етти жилоси" номли мазкур тўпламда эртак китоблар, ота-оналарнинг турли ёшдаги болалар билан шуғулланишлари учун зарур тавсиялар ўрин олган қўлланмалар мавжуд. 
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, биргина Ургут туманига шундай китоб тўпламларидан 12 мингта тарқатилди. Бу шунча оила фарзандлари билан уйда шуғулланишлари учун тайёр қўлланмага эга бўлди, ушбу имконият ўз навбатида уларни китобга қизиқтиришга туртки бўлади деганидир.

– Бир пайтлар боғчадан келган боласини оналар асосан "Кун бўйи нима тановул қилдинг", деган савол билан қарши оларди, – дейди педагогика фанлари доктори М.Маҳмудова. – Тўғри, бугун мактабгача таълим муассасаларининг барчасининг озиқ-овқат билан таъминланиши мақтангулик аҳволда, деб айтолмаймиз. Аммо аксариятида таълим-тарбия ишлари тубдан ўзгарди. Бир пайтлар болаларга муносабат бир ёқлама бўлган. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсам, болалар фақат ижрочи, тарбиячи фақат ўргатувчи, буйруқ берувчи ролида бўлган. Бугунги таълим дастурларида бундай принцип тубдан ўзгарди. Энди тарбиячи ва болалар машғулотлар давомида биргама-бирга иш юритади. Эҳтимол, таълимнинг бундай услубини барчамиз бирдай илғай олмасмиз, аммо у ўз натижасини бераётир. "Ҳозирги болалар бошқача, улар ҳамма нарсани тушунади", "Шу муштдеккина боланинг ўз фикри бор эмиш", деб гапираётган ота-оналарнинг кўпаяётгани жамиятдаги ўзгаришлар қатори таълим-тарбиядаги ислоҳотлар натижасидир. 

Мутахассиснинг сўзларига изоҳ шарт эмас. Лекин бугун шу қаторда ота-оналарнинг ҳам бола таълим-тарбиясига эътибори ўзгарганини пайқаш мумкин. Мисол учун, Иштихон туманидаги 14-мактабгача таълим муассасасидаги шарт-шароит юқоридаги таъмирдан чиққан боғчадан кескин фарқ қилади. Айниқса, қиш ойларида ушбу боғчадагилар хонани иситиш учун минг бир тадбир ўйлаб топишга мажбур. Совуқ кунларда ҳам катта гуруҳдаги болалар ҳожат учун ташқарига чиқишади. Шундай бўлса-да, фарзандлари шу боғчага қатнайдиган Шейхларкент маҳалласи аҳли билан суҳбатлашганимизда, улар болаларини мажбурликдан эмас, балки астойдил шу боғчага боришини исташлари маълум бўлди. 
– Фарзандим боғчага қатнай бошлаганидан бери унда ўзгариш сездим, – дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Сурайё Дониёрова. – Шеърларни бурро-бурро айтадиган, саноқ сонларнинг фарқига борадиган, фикрини тўғри ифодалайдиган бўлди. Уйда ҳам у билан шуғулланганман, аммо мутахассиснинг йўриғи барибир бошқача экан. Шунинг учун тўлов пулини бироз қийналиб тўласак-да, болам боғчага қатнашини истаймиз. 

Бугун вилоятдаги 285 мингдан зиёд болаларнинг 71 мингга яқини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. 2017-2021 йилларда қисқа муддатли гуруҳлар тармоғини кенгайтириш орқали болаларни МТМларга қамров фоизини ошириш мақсадида ҳар йили 84 та МТМда 4200 нафардан болаларни қисқа муддатли гуруҳларга жалб этиш режалаштирилган. Айни пайтда 156 та қисқа муддатли гуруҳлар фаолият кўрсатиб, улар зарур мебель жиҳозлари, ўқув-методик материаллар ва ресурслар билан таъминланган. 

Олимларнинг фикрига кўра, инсон шахс сифатида бола ёшидаёқ шаклланиб, шу ёшдаги таълим-тарбия унинг келажагига таъсир кўрсатади. Иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Ж.Хейкман олти ёшгача бўлган болаларнинг таълимига сарфланаётган маблағ иқтисод учун жуда катта наф келтиришини ҳисоблаб чиққан. "Бола ривожи учун сарфланаётган ҳар бир доллар келгусида ўн баравардан кўпроқ фойда келтиради. Ушбу соҳага йўналтирилган инвестиция яхши таълим олаётган одамларнинг келажаги учунгина эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий ривожи учун ҳам унумли таъсир кўрсатади", дея хулоса билдиради олим. 
Гулруҳ МЎМИНОВА,
«Зарафшон» мухбири.