Охирги янгиликлар

Дафтар муқовасидаги суратлар Таълим

Мана, ёзги таътил ҳам охирлаб қолди. Бу пайтда барчамиз мактаб, коллеж учун форма тиктириш, ўқув қуролларини харид қилишга киришиб, янги ўқув йилига тайёргарлик кўрамиз. Мактаб ярмаркалари ишга тушади. Китоб-дафтарлар савдоси авжига чиқади.
Эътиборимни тортган нарса, бу ҳақда бот-бот гапирилганига қарамай, дафтар муқоваларидаги ёзувлар, суратлар ўша-ўшалигича қолмоқда. Эстрада юлдузларининг очиқ-сочиқ кийимдаги суратлари, қурол ўқталган жангари фильм қаҳрамонлари, гўё "замонавийлик"ни тарғиб қилувчи ярим-яланғоч либослардаги соҳибжамоллар – буларнинг барчаси ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатмайдими? 

Телевидение орқали бирор хорижий сериал намойиш этилса, тез фурсат ичида ўша сериал қаҳрамонлари ўқувчилар учун чиқарилаётган дафтарлар муқовасида пайдо бўлади. Биз бунга табиий ҳолдек қарашга одатланиб қолдик. Ахир ўша сериаллар ўқувчилар аудиториясига мўлжалланган эмас-ку? Нега биз севги-муҳаббат дардида ёнган ошиқлар, оилавий можаролар, хиёнат, фириб сюжетидаги бундай сериалларни ўқувчиларга "реклама" қилишимиз, уларнинг фикрини чалғитишимиз керак?

Ёзув дафтарлари муқовасида олимпиада ғолибларининг суратлари, қадимий обидаларимиз, сўлим табиатимиз акс этса, маъқул бўлармиди. Ўқув қуроллари муқовасида барча соҳаларда эришаётган ютуқларимизни кўрсатиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, бунёдкорлик ишлари акс эттирилган суратлар орқали ўқувчиларда ватанпарварлик, юртга дахлдорлик ҳисини кучайтирсак яхши эмасми?! 
Фарида ХУРСАНБОЕВА,
Тойлоқ педагогика коллежи ўқувчиси.