Охирги янгиликлар

"Sentabr"ми ёки "sentyabr"? Таълим

Қариндошимнинг фарзанди бу йил биринчи синфга борди. Унинг ўқишларини ўзимча имтиҳон қиларканман, навбатдаги жумбоқни еча олмай қолдим. Биринчи синфлар учун берилган китобларнинг бирида "1-sentyabr", бирида эса "1-sentabr" деб ёзилган. Аниқроғи, "Алифбе" китобининг 3-бетида "1-sentabr", "Одобнома" китобининг худди шу саҳифасида "1-sentyabr" деб ёзилган. Зукко ўқувчиларимизни синаб кўришган-да, афтидан.
Биз мактабда ўқиганимизда лотинчада "sentabr", кириллчада "сентябрь" ёзилади, деб ўргатишганди. Бизга нотўғри ўргатишганми ёки энди нотўғри ўргатишяптими, очиғи, билмай қолдим. Мен ушбу жумбоқнинг жавобини тезгина аниқлаб, ёш ўқувчига тўғриси қайсилигини айтишим мумкин. Муаммо шундаки, бири "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" давлат миллий нашриётида, яна бири "Маънавият" нашриётида чоп этилган бу китобларни 572 416 нафар бола ўқийди. Хўш,  572 416 нафар ўқувчига синоат сирини ким тушунтиради? Ўқитувчиси "Бу китобларга ишонманглар, болажонлар, аслида мана бундай ёзилади", дейдими? 
 Хуллас, шуларни ўйлаб таҳририятга хат юборишга қарор қилдим. 
Куюнчак БИЛМАСВОЙ, 
2017 йил 30 сентябрь
(ёки сентабрь).
***
Мутахассис нима дейди?
Бундан бир неча йил олдин чоп этилган,  85 000 сўздан иборат "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да берилган биргина хато бугун ана шундай кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келмоқда. Ўша китобда сентябрь сўзи лотинчада қоидага хилоф равишда sentyabr деб берилган эди.
1993 йил 2 сентябрда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга асосан, 1995 йил 24 августда "Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида" Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, сентябрь сўзи лотин алифбомизда sentabr деб ёзилади. Бу борада ҳеч қандай муҳокамага ўрин йўқ. Бирор бир ҳужжатда лотин тилига асосланган ўзбек алифбосида бу сўз sentyabr тарзида ёзилиши кўрсатилмаган. 
Мардон БОЛТАЕВ,
СамДУ илмий кенгаши
котиби, доцент.