Охирги янгиликлар

230 битирувчининг 201 нафари ишсиз Таълим

Ҳуснора Суярова – Нуробод туман бандликка кўмаклашиш марказида меҳнат инспектори бўлиб ишлайди. Туман марказидаги Шарқ юлдузи, Амир Темур, Наврўз ҳамда шаҳарчага туташ Қиличли маҳаллаларида аҳоли бандлигини  таъминлаш, меҳнат муносабатлари ҳамда кам таъминланган оилаларнинг турмуш тарзини ўрганади. 
– Ҳудудда 14 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди Ҳуснора опа. – Жорий йил бошидан 50 нафар ишсиз ёшлар ишга жойлаштирилди. Қиличли маҳалласида ўнга яқин ёшлар хусусий тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Банклардан кредит олиб, мустақил ишини бошлаганлар орасида коллеж битирувчилари ҳам анчагина. Жумладан, марказимизга мурожаат қилган Нуробод саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилноза Қодировага АТБ "Агробанк"нинг туман филиалидан 7 миллион сўм кредит олиб, чорвачилик билан шуғулланишига ёрдам бердик. 

Шу коллежнинг бухгалтерия бўлими битирувчиси Г.Нурматова олий ўқув юртига ўқишга киролмагач, бандлик марказига мурожаат қилди. Ҳуснора опа ёш мутахассиснинг тумандаги "Ҳусниябону" хусусий корхонасида ишга жойлашишига ёрдам берди. Шарқ юлдузи маҳалласида яшовчи Д.Эгамбердиева ва Амир Темур маҳалласидан К.Сафароваларни "Машҳура-Леди" хусусий тикувчилик корхонасининг тумандаги филиалига ишга жойлаштирди. 
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман бандликка кўмаклашиш марказига 700 нафардан ортиқ фуқаро иш сўраб мурожаат қилган бўлса, уларнинг 670 нафари ишга жойлаштирилди. 25 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди. 

Туманда мавжуд 127 корхона ва ташкилотда 650 та квота иш ўринлари ташкил этилган. Жазони ўташ муассасаларидан қайтган 40 нафар шахс қишлоқ хўжалиги, саноат, уй-жой ва коммунал хўжалиги корхона ва ташкилотларида ишга жойлаштирилди.
Аммо туманда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда қатор камчиликлар ҳам бор. Жорий йилда мавжуд 7 касб-ҳунар коллежини битирган 1640 нафар ёшларнинг 470 нафари ишга йўлланма олган, холос. Нуробод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 230 нафар битирувчисидан 201 нафари иш билан таъминланмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Аҳолининг асосий даромади чорвачилик ва қишлоқ хўжалигидан бўлган туманда қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 240 нафар ёш мутахассисига иш топилмаганлигига нима дейсиз? 

Бу каби аҳволни мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт ва сервис, шунингдек, чекка Тим қишлоғида жойлашган қишлоқ хўжалик ва сервис касб-ҳунар коллежларида ҳам кўриш мумкин. Уларда битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси 25-30 фоизни ҳам ташкил этмайди. 
Яна бир гап. Баъзида битирувчилар учун ўзлари яшайдиган ҳудудда эгаллаган мутахассислиги бўйича иш топиб бўлмаслиги коллеж маъмурияти учун ҳам катта муаммо бўлади. Бир ўйлаб кўринг, нима учун ўқиш даврида битирувчиларнинг барчаси билан тўртёқлама шартнома тузилади-ю, улар дипломни олгач, корхонага келиб, ваъда қилинган ишга жойлаша олмайди? Жавоб оддий – коллеждагилар битирувчиларни бирорта корхона-ташкилотда ишлайдиган таниш-билишлари орқали шартнома тузиб келишга мажбур қилишади. Ёшлар бандлигига масъул бўлган юқори идораларга юбориладиган ҳисоботларни эса ёлғон маълумотлар билан тўлдиришади. Бу сохталик коллеж дипломини олгач, ошкор бўлади. Кўпчилик ёшларнинг шартномада кўрсатилган фермер хўжаликларига бориб ишлашига ишониш қийин. Айниқса, ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари кам Нурободдек туманда бу ишларни амалга ошириш қийин. Шунинг учун ҳам ҳар йили марказнинг Ҳуснора опа каби меҳнат инспекторлари зиммасига ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлашдек мураккаб вазифа юкланади. Улар бу вазифани уддалай олса яхши, акси бўлса...
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.