Охирги янгиликлар

Мактабдаги инспектор вояга етмаганлар билан ишлайди Таълим

Жорий ўқув йилидан бошлаб, умумтаълим мактабларида ҳудуд профилактика инспекторлари учун хона ажратилиб, улар иш фаолиятини шу ердан бошлайдиган бўлди. Дарсга қатнашмайдиган ўқувчилар билан индивидуал ишлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган бу тизим ўз самарасини бермоқда. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда нотинч оилалар фарзандлари, ота-оналар билан суҳбат таълим муассасанинг ўзида амалга оширилмоқда. 
– Оила-мактаб-маҳалла тамойили бўйича олиб борилаётган ишларга ҳудуд профилактика инспекторларининг ҳам жалб этилаётгани болалар билан ишлашда ўқитувчилар учун қулай бўлди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби директори Н.Суярова. – Мактабимизда дарсларга қатнашмаётган, тез-тез жанжаллашиб қоладиган болалар бор. Ишни биринчи навбатда шундай болалар сонини аниқлашдан бошладик. Улар билан алоҳида, уйида суҳбатлашдик. Ўрганишларимиз натижасида дарсларни қолдирадиган болаларнинг ота-оналари чет элда эканлиги аниқланди. Улар бобо-бувилари ёки қариндошлари қарамоғида. Бундай ҳолат ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир ўтказмоқда. Профилактика инспектори, маҳалла раислари билан ҳамкорликдаги иш ўқувчилар давоматини анча яхшилади. Яна бир томони, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ота-оналар мактаб ёшидаги болаларини ҳам шу ишга жалб қилаётир. Яъни, боласининг мактабга боришига ота-оналарнинг ўзи тўсқинлик қилаётган ҳолатларга ҳам дуч келдик. Бундай ота-оналар билан суҳбатлашдик. Агар вазият шундай давом этадиган бўлса, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига кўра жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирдик. 

Мактабга асосан Устозлар ҳамда Амир Темур маҳалласи болалари қатнайди. Ушбу маҳалла раислари ҳамкорлигидаги ишлар тартиби жорий этилгандан бошлаб, болаларнинг дарсга қатнашиш-қатнашмаслигини доимо назорат қилиб келаётган экан. Йигирмага яқин бола педагог, профилактика нозири, маҳалла фаолларининг назоратида. Улар билан доимий суҳбат олиб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мактабда дарсларни тез-тез қолдирадиган ўнга яқин боланинг давомати яхшиланган. 

– Ҳар битта умумтаълим мактабида профилактика инспектори ҳамда маҳалла раислари учун хоналар ажратилмоқда, – дейди шаҳар халқ таълими бўлими мутахассиси Б.Маҳматқулов. – Самарқанд шаҳридаги 75 та мактабнинг барчасида бу хоналарнинг ташкил этилиши вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ўқувчилар давоматини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Уларга "Профилактика инспекторининг ўқувчи-талабалар билан ўтказган якка тартибдаги суҳбатларини қайд этиш дафтари" тарқатилди. Унда ўқувчилар билан ишлаш хусусида тавсиялар баён этилиб, ҳар кунги иш тартиби қайд этиб борилмоқда. 

Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида профилактика инспекторининг хонаси мактабга кириш дарвозасининг рўпарасида жойлашган. У ўқувчиларнинг дарсга келишлари-ю, мактаб ҳовлисида болаларнинг тартиб-интизомини назорат қилади. 
– Эрталаб ишимни ҳудуддаги тегишли иккита мактабга бориб, у ерда ўқувчиларнинг дарсга келиши, ўша ердаги муҳитдан хабардор бўлишдан бошлайман, – дейди мазкур ҳудуд профилактика инспектори Дилшод Маҳаммадиев. – 9-умумтаълим мактабига асосан Деволи кўндаланг ва Нуробод маҳалласидан болалар қатнайди. Ушбу маҳаллалардаги муҳит, улардаги турли нохуш вазиятдан хабардорман. Нотинч оилалар ҳам рўйхатимизда. Бу ҳамкорлик иш фаолиятимизни янада самарали олиб боришда қўл келмоқда. Мактабда кимгадир зиён етказган, хулқи билан атрофдагиларда эътироз уйғотган болалар ҳозирча йўқ. Шўхлик қилиб, бир-бири билан тортишиб қолган беш нафар бола билан суҳбат олиб бордик. 
Дилшод Маҳаммадиев ҳудуддаги иккита мактабга масъул. Унга Деволи кўндаланг маҳалласидан уч хонали хизмат уйи берилгани шу ҳудудда иш олиб боришида анча қулай бўлди. 

Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида ҳам ўқитувчи ва жамоатчилик норозилигига сабаб бўлаётган ўқувчилар деярли учрамас экан. 
– Ҳар бир бола билан аввало, ўзининг ўқитувчиси, психолог ишлаши лозим, – дейди мактаб директори ўринбосари Хуршида Зиёдуллаева. – Сабаби, ўқитувчи боланинг фикр-руҳиятидан, унинг оиласидаги муҳитдан оз бўлса-да, хабардор. Тўғри, мактабимиздаги барча болаларни ҳам хулқи аъло, намунали дея олмаймиз. Нафақат мактаб, балки ҳар бир синфда педагог ва психолог бирга ишлаши керак бўлган болалар бор. Улар орасида турли педагогик услублар қўлланилса-да, машғулотларга иштиёқсиз аммо меҳнаткаш, қайсидир бир ҳунарга меҳр қўйган болалар учраб туради. Бундай болаларни ҳам тўғри йўналтиришга ҳаракат қиламиз. Маҳалла билан ҳамкорликдаги иш турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим, деб ўйлайман. 
Таълим муассасасидаги белгиланган хонада "Профилактика инспекторининг хизмат хонаси. Телефонлар: …" каби ёзувнинг ўзи ўқувчиларни ҳушёр торттиради. 

Гулруҳ МЎМИНОВА.