Охирги янгиликлар

Қайсар ўқувчи учун жазо Таълим

Биз дангаса, бебош ўқувчиларни ўқитиш жараёнида уриш педагогикага зид ва қонунга хилоф эканлигига кўникиб қолганмиз. Аммо жаҳонда ўқувчиларга тана жазоси бериш ҳамон сақланмоқда, деб ёзади "Мир новостей" (2017 й. 39-сон) ҳафтаномаси. Улардан айримларини муштарийлар  эътиборига ҳавола этишни лозим топдик. Билиб қўйган яхши-да!
Америкача "тарбия"
Ўтган ёзда Американинг Техас штати таълим бошқармаси ўқувчилар учун "янада таъсирчан чоралар"га изн берувчи қонун ҳужжатини қабул қилди. Унга кўра, дангаса ва "қулоқсиз" ўқувчиларни савалаш, калтаклаш ва шапатилашга рухсат берилади. Бу нафақат Техасда, балки бутун Америкага хос тарбия усулига айланган. АҚШ таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, 2013-2014 йилларда давлат мактабларида 160 минг америкалик ўқувчиларга нисбатан тана жазоси қўлланилган. Бугунги кунда АҚШнинг 19 та штатида салкам 27 мингта мактабда ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга нисбатан юқорида айтиб ўтилган жазоларни қўллашга рухсат этилган.
Мактаб ҳудудида мушакбозлик, дарсда уяли телефондан фойдаланганлик ва уй вазифаларини бажармаслик ўқувчининг хипчин билан саваланиши ёки таёқ билан калтакланишига сабаб бўлади. Ажабланарлиси, 1977 йилда бутун дунёда мактаб тарбиясининг бу ярамас усуллари бекор қилинганига қарамай, АҚШ олий суди буни мутлақо конституцион деб тан олди.
Инглизча "усул"
Буюк Британия мактабларида ҳам тана жазосини қўллашга қайтиляпти. Бундай ёндашув 1986 йилда бекор қилинган эди. Аммо Буюк Британия таълим вазирлиги манфаатдор томонлар илтимосини инобатга олиб, шундай қарорга келди.
2012 йилда Times Educational Supplement компанияси ўтказган социологик сўровларда катта ёшдаги 49 фоиз британиялик шафқатсиз жазоларни ёқлаб чиққан, Буюк Британияда мактаб ўқувчиларининг интизомсизлиги ва ўқишни истамасликлари оммавий тус олган, 40 фоизгача ўқитувчилар ўқувчилар томонидан ўзларига нисбатан ҳақоратли муносабатга дуч келмоқда. Тана жазоси эса тажовузкор ўқувчилардан ўч олишда қўл келмоқда. 
Европача жазолар
Европа иттифоқи мамлакатларида мактаб ўқувчиларига бундай жазоси бериш аллақачон бекор қилинган. Улар бошқача тарзда тарбиялашади. Мисол учун, Германияда ўқув йили давомида ўқувчи мунтазам дарсни ўтказиб юбораверса, ёзги таътил ўрнига уни қолдирилган дарсларни ўзлаштириш учун ёзги мактабга жўнатишади. Бундай жазодан германиялик ўқувчилар қанчалик қўрқишларини тасаввур қилаверинг. Ахир ким ҳам ёзги таътилда маза қилиб дам олишни истамайди, дейсиз.
Францияда ўқувчиларга тана жазоси бериш 1887 йилдан буён қўлланилмайди. Аммо кичик синфлардаги ўқувчиларни мактабдан икки марта ўз вақтида олиб кетишмаса, ота-оналарга хулқлари учун қониқарсиз баҳо қўйилади.
Непалча тартиб
Покистонда ўқувчилар дарсга кечикиб келганда ўзига хос жазоланади: бир неча соат давомида Қуръонни ўқишга мажбур қилинади.
Намибияда расмий равишда тақиқланган бўлса-да, қадим анъаналарга кўра, айрим мактабларда интизомни бузган ўқувчи узоқ вақт ари уяси бор дарахт остида турғазиб қўйилади.
Либерия президенти Чарльз Тейлор ўз вақтида 13 ёшли қизини тарбиялаш мақсадида шахсан ўзи 10 қамчи урган.
Непалда тартиб-интизомга бўйсунмаган қайсар ўғил ўқувчи болалар бир неча кун аёллар либосида юришга мажбур қилинади.
Японияда мактаб ўқувчиларини жазолаш бекор қилинган. Аммо дарсга қулоқ солмаган, ўйинқароқ ўқувчилар ҳозир ҳам бошида чашка билан бурчакда тиззасини буккан ҳолда турғазиб қўйилади.

Т.МУРОД тайёрлади.