Охирги янгиликлар

Зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя Таълим

Болалар кўп ҳолларда кафе-барларда компьютер ўйинлари ўйнаши баробарида ёмон ахборотларни ҳам кўрадилар. Бу улар онгига салбий таъсир кўрсатади. Биз, ота-оналар уларни ҳамиша ҳам назорат қилолмаймиз. Айтинг-чи, болаларимизни ёмон ахборотдан ҳимоя қиладиган қонун борми?
А.ЭГАМНАЗАРОВА.
Самарқанд шаҳри, ўқитувчи. 
"Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган. 
2008 йилда қабул қилинган "Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида"ги қонун билан шафқатсизлик, зўравонлик ва болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи бошқа ахборотни акс эттирувчи адабиётлар тарқатилиши, фильмлар намойиш этилишини тақиқловчи меъёрлар назарда тутилган. Шу билан бирга, глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тармоғи кенг ривожланган бир шароитда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот, турли ўйинлар ҳам кўпайди.

Янги қонунда болаларга зарар етказувчи ахборот турлари таърифланган. Болаларнинг ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга ундайдиган, наркотик воситалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида иштирок этиш истагини пайдо қиладиган ахборот тарқатилиши тўлиқ ман этилган. Оилавий қадриятларни инкор этадиган, турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатларни оқлайдиган ахборот тарқатилиши тақиқланган.
Бу билан зарарли ахборотдан медиа маҳсулотларнинг айланиши ва тарқатилишига нисбатан умумий талаблар ўрнатилди. Аммо қонуннинг нормалари болаларнинг замонавий илм-фан, маданият, таълим ютуқларига доир ахборотдан фойдаланиш имкониятини чекламайди.
Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қабул қилинган ушбу қонун ҳар томонлама ривожланган, баркамол авлодни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Саволга Самарқанд шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси
нотариуси
Саодат ТЎРАЕВА жавоб берди.