Охирги янгиликлар

Фан ойлиги самараси билан ёдда қолди Таълим

Бугун таълим тизими ходимларининг энг долзарб вазифаси таълим мазмунини такомиллаштириш, ҳар бир фаннинг ўқитилишида юқори самарадорликка эришишга қаратилмоқда. Шунинг учун умумтаълим мактабларида фанларнинг ўқитилиш самарадорлигини оширишга амалий ва методик ёрдам бериш, фанларнинг ўқитилиш сифатини яхшилаш мақсадида фан ойликларини ўтказиш анъанага айланди.
Самарқанд шаҳридаги 34-умумтаълим мактабида октябрь – ўзбек тили ва адабиёти фани ойлигини ўтказиш бўйича дастлаб чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳар бир синф кесимида фан ойлиги бурчаклари ташкил этилиб, уларда ўтказиладиган тадбирлар жадвали, ўқувчилар томонидан чиқарилган деворий газеталар, она тили ва адабиёт фанига оид бошқотирма ва муаммоли саволлар, олимпиада натижалари, қизиқарли масалалар стенд шаклида жой эгаллади.

Фан ўқитувчилари томонидан тавсияномалар ишлаб чиқилиб, барча синфларга тарқатилди. Синфларда тил ва адабиёт кечалари, давра суҳбатлари ўтказишга келишиб олинди. Ўқувчиларнинг ёзган рефератлари, маърузалари, қўлда ясалган кўргазмали қуроллари намойиш этилиб, улар танлов асосида баҳолаб борилди. Ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш мақсадида синфлар ўртасида "Интеллектуал ринг", "Заковат" ўйинлари ташкил қилинди. Она тили ва адабиёт фанидан очиқ дарс ташкил қилиб, уларга ўқувчиларнинг оила аъзолари таклиф этилди. Бу ота-оналарнинг ўз фарзандлари олаётган билим даражасидан хабардор бўлиши, фарзандларининг дарсдаги давомати, фанларни ўзлаштириши, хулқ-атворини яхшилаш бўйича ҳамкорликда амалий ишлар олиб боришларига имконият яратди.
Дарслар асосан янги педагогик технологиялар асосида, баҳс-мунозара, назм ва наво, мушоира, баҳру байт, грамматик ўйинлар, ким топқир, сеҳрли сўз устаси, ақлий ҳужум, интерфаол, конференция сингари ноанъанавий усулларда қўшимча адабиётлар, кўргазмали қуроллар, тарқатма материаллар ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда ўтилди.

Ойлик доирасида ташкил этилган "Энг яхши реферат", "Энг яхши деворий газета", "Энг яхши буклет", "Тил – миллат кўзгуси", рус гуруҳларида "Ифодали шеър айтиш", "Ким кўп мақол билади?", "Энг чиройли хуснихат" мавзуларидаги маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, китоб тақдимотлари, саҳна кўринишлари нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчиларимизда катта таассурот қолдирди. 

Насиба ҲАМРОЕВА,
мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.