Охирги янгиликлар

Ёшлар тинчлик, маърифат тарафдори Таълим

Президентимиз Ш.Мирзиёев БМТ ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшларни турли иллатлардан ҳимоялаш, улар онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг "Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз", деган сўзлари ҳар бир ёшнинг юрагига етиб борди, деб ўйлайман.
Ўз навбатида биз, ёшлар "Жаҳолатга қарши маърифат билан" тамойилига амал қилиб, доим ўқиб-ўрганмоғимиз, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллашга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Бизда ислом динини асл манбалардан ўрганиш имконияти бор. Қолаверса, ўзбек оиласида диний билимлар отадан ўғилга, бободан набирага мерос бўлиб келади. 

Маҳаллаларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ёшлар билан ўтказилаётган учрашувларда ҳам динимизнинг асл моҳияти, диний бағрикенглик мазмунида суҳбатлар олиб борилмоқда. Бундай учрашувларда биз ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб оляпмиз, ёшлар онгини бузғунчи ғояларга тўлдирмоқчи бўлаётган ташқи кучларга қандай қарши туриш кераклиги ҳақида тушунчага эга бўляпмиз.
Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётгани ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, маънавий оламини бойитиш, имон-эътиқодини мустаҳкамлашда ушбу марказнинг аҳамияти беқиёс бўлади. 

Даврон ЭГАМҚУЛОВ,
СамДУ талабаси.