Охирги янгиликлар

Иқтидорли ўқувчи муассаса бошоғриғими? Каттақўрғонлик ёш ихтирочи йиллар давомида эътибордан четда қолмоқда Таълим

Тинимсиз ёққан ёмғир оқибатида келган кучли сел Каттақўрғоннинг Оқсой маҳалласидаги кўприкдан ҳам тошиб кетди. Шу куни ўқитувчи ўз шогирди билан Самарқанд шаҳрига бориши керак эди. Аммо кўприкдан ўтиш хавфли бўлгани учун ўқитувчи йўлдан қайтди. Ўқувчининг эса орқага қайтиш нияти йўқ, устозининг "Жонингни хавф остига қўйма!" дея бақириб қолганига қарамасдан, дафтарини камарига қистириб, газ қувурига тирмашганича сойдан ўтди. Чунки у бу фурсатни анчадан бери кутар, ўзини кўрсатиш, ғояларини рўёбга чиқариш учун бошқа имкон йўқ эди…

Жорий йилнинг 17 март куни Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицейда ўрта махсус, касб-қунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Энг яхши инновацион фикрлаш" кўрик-танловида қизиқ ҳолат кузатилди. Кўрик-танловга муассасаларнинг жамоалари иштирок этгани ҳолда Каттақўрғон агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг "Ёш ихтирочи" жамоаси номидан фақат бир ўқувчи қатнашди. Аммо кутилмаганда ўқувчининг инновацион ғоялари нафақат ҳакамлар ҳайъатининг, балки бошқа таълим муассасалари вакилларининг ҳам эътиборини тортди. Гарчи тўлиқ жамоа иштирок этмаган, ҳатто таълим муассасасидан бирор ўқитувчи келмаган бўлса-да жамоанинг "ёлғиз жангчи"сига ғоялари учун 2-ўрин насиб этди.  Бу ўқувчи ўша, тошқин вақти қувурга тирмашиб, сойдан ўтган Юсуфбек Суяров эди.

Юсуфбек Каттақўрғон туманининг Мойбулоқ қишлоғида туғилган. Тумандаги агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг учинчи босқичида ўқийди. Эсини танигандан буён турли ихтиролар қилишга уринади. Яқинда унинг ҳеч қандай хомашёсиз электр энергияси яратишга мослашган ускунаси ҳақидаги мақола ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир қатор олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таҳририятга вилоятнинг турли ҳудудларидан қўнғироқлар бўлди. 

Бир қарашда ихтиро жуда оддий: аккумулятордан қувват олган генератор электр токи ишлаб чиқаради. Токнинг маълум қисми истеъмолга, бир қисми эса аккумуляторни қайта қувватлашга сарфланади. Керакли жиҳозлар қиммат бўлгани боис Юсуфбек дастлаб шу жиҳозлар ўрнига ўйинчоқ машина мотори, қўл телефони аккумулятори, DVD-плейерининг ички қисмларидан фойдаланди. Кейинчалик машина аккумулятори ва ҳақиқий генераторлардан фойдаланганда ускунани синовдан ўтказиш учун шароит бўлмади. Ҳатто генераторни совутиш ҳам муаммо бўлиб қолаверди. Энг ёмони, бир неча йилдан буён бу каби турли лойиҳалардан бош кўтармай келаётган бу ихтирочига ўзи таҳсил оладиган муассасанинг эътибори кўнгилдагидек эмасга ўхшайди. 

2015 йил Юсуфбек ёш иқтидор эгалари учун ўтказилаётган кўрик-танловлар ҳақида телевизорда кўриб, ўқитувчисига "нега биз бормаймиз шундай танловларга, нега бизга айтмайсизлар?", деб шикоят қилади. Кейинроқ вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига, ундан кейин республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига мурожаат қилади. Ўз ишланмаларини кўрсатиб, ёрдам сўрайди. Афсуски, ўқувчи бугунгача ҳеч кимдан бирор ёрдам олган эмас.  

Биз таълим муассасаси раҳбариятининг иқтидорли ёшларга бундай эътиборсизлигига шубҳа билан қараб, Юсуфбекка коллеж раҳбариятига қайта мурожаат қилишини айтдик. Муассаса директори ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига ёзма мурожаат қилса, ускунасини синовдан ўтказиш учун шароит яратилишини айтдик. Орадан ўн кун ўтиб Юcуфбек ҳеч қандай ҳаракат бўлмаганини айтгач, коллеж директори ўринбосари билан гаплашдик. 
– Юсуфбек ўз ускунасини синовдан ўтказиш учун шароит кераклигини айтгандир, домла?
– Ҳа, биламан.
– Бошқармага хат юборилдими, натижаси нима бўлди?
– Йўқ, хат юбормадик.  
– Йўғ-е, нега?
– ...
– Домла, биламиз, Юсуфбек бир неча жойларга мурожаат қилиб, сизларга "бошоғриқ" бўлгандир. Аммо уни қўллаб-қувватлаш керак-ку. Умуман, шу йигитни қўллаш учун коллеж томонидан шу вақтгача бирор иш қилинганми?
– Бошқарма билади, бу бола ҳақида...

Мана шу қисқа суҳбат, очиғи, ушбу муассасада иқтидор эгаларига қанчалар оғир эканини билиш учун етарли бўлди. Аксарият таълим муассасаларига борсангиз, иқтидорли ўқувчилар бурчаги ташкил этилиб, уларнинг суратларию дипломлари, ишланмалари осиб қўйилганига, муассаса раҳбарияти бундай ўқувчилар билан фахрланишига гувоҳ бўласиз. Улар ҳар доим муассаса раҳбариятининг диққат-эътиборида бўлиб, кўпроқ изланишлари учун рағбат берилади. Аммо Каттақўрғон агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг тутган йўлини, очиғи, тушунишга ожизмиз.
Дарвоқе, Юсуфбекнинг лойиҳаси билан танишиб, зора бирор қизиқувчи топилар деган маънода у ҳақдаги мақолани Самарқанд давлат университети физика факультетига юбордик. Назарий жиҳатдан ушбу лойиҳани амалга ошириш мумкин ёки йўқлиги ҳақида олимлар фикри кераклигини баён этдик. Орадан бир неча кун ўтиб, факультетга қўнғироқ қилиб яна ўша саволни қайтардик. "Юсуфбекнинг лойиҳаси назарий жиҳатдан тўғрими, физика фани нима дейди?" Аммо домланинг жавоби коллеж маъмуриятиникидан қолишмади. Бу ишланмани ўқиб кўришлари учун аввал ихтирочи патент олиши лозим экан! Домла билан гаплашиб шуни билдикки, бу каби ихтиролар йилига ўнлаб келар, бироқ патент бўлмагани учун кўриб чиқилмас экан. Домлага патент бизни мутлақо қизиқтирмаслиги, лойиҳа назарий жиҳатдан тўғрими, йўқми, шу ҳақда фикри кераклигини яна бир бор билдирганимиздагина ўқиб чиқишини айтди. Ўқиб чиққанда эса унча тушунмаганию, бола ускунасини бир олиб келса кўришини билдирди. Юсуфбекнинг ускунасини Самарқанд шаҳрига олиб келишга ҳам имкони бўлмагани учун олийгоҳ олимлари ихтирочи олдига боришга қизиқармикан, деб умид қилгандик. Афсуски, ундай бўлмади.

Ушбу мақолани ёзишдан олдин Юсуфбек устозлари, ўқиш жойини ёзмаслигимизни илтимос қилди. Бутун дунё давлатлари муҳандисларга муҳтож, тараққиёт фақат шуларга қараб қолган бир вақтда, айрим давлатларда болаларни илмга қизиқтириш энг катта муаммо бўлиб турган даврда биз Юсуфбекнинг бу илтимосини рад этишга мажбур бўлдик. Ахир, лоақал бир оғиз сўз билан ўқувчига далда бўлмаган таълим муассасасидан нима кутиш мумкин? 

PS: Юсуфбекнинг ишланмаси ҳақида интернетда хабар топган олимлар бола қанчалик билимли бўлмасин, бундай ускунани яратишнинг иложи йўқлигини, яхшиси, у устозлари ёрдамида бошқа лойиҳаларга қўл урса, албатта жуда катта муваффақиятларга эришишини билдиришди. Тўғри, билимли, илм-фан сирларидан фойдаланиб янгиликлар яратишга чанқоқ бу йигитдан кўп нарса кутиш мумкин. Бунинг учун унга озгина эътибор керак-да.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.