Охирги янгиликлар

СТОМАТОЛОГИЯДА ЗАМОНАВИЙ УСЛУБЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР УЛАРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ МУҲИМ Таълим

Самарқанд давлат тиббиёт институтида "Замонавий стоматологиянинг долзарб муаммолари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ҳамда Россия, Украина, Қозоғистоннинг нуфузли университетлари, тиббиёт академиялари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Самарқанд тиббиёт институти ректори А.Шамсиев, Москва давлат медико-стоматология университети профессори В.Афанасьев, Урал давлат тиббиёт университети профессори С.Жолудев, Ижевск давлат тиббиёт академияси доценти С.Мохначева ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда юксак натижаларга эришилаётганини таъкидлади. Тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволашда илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

– Юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар даражасида тайёрлаш фаолиятимизда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Ж.Ризаев. – Бугунги анжуманда тиббиёт олийгоҳларидаги таълим жараёнларини ташкил қилишнинг замонавий талаблари, ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илғор ахборот-коммуникация ҳамда таълим технологияларини жорий этиш, стоматолог мутахассисларнинг назарий, амалий тайёргарлигини ошириш масалалари муҳокама этилди. Стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашнинг илғор услублари, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг халқаро тажрибаларини оммалаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

Тадбирда "Компьютер дастурига асосланиб, цилиндрик имплантантлар ўрнатишни режалаштириш тажрибасидан фойдаланиш", "Морфология нуқтаи назаридан тиш қаттиқ тўқималарининг металлокерамик конструкция остида турли хил одонтопрепаровкага янги қарашлар", "Чандиққа қарши гел "Антиадгезин"ни қўллаш билан туннел вестибулопластика усули", "Стоматология амалиётида функционал профилактика", "Илк болалик ёшида кариесни даволаш усулини танлаш", "Ўзбекистонда стоматология хизматини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш" каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.



Reklama huquqi asosida