Охирги янгиликлар

БИР ОЙГА ЕТТИ МИНГ СЎМ ФАРЗАНДИНГИЗ БЎШ ВАҚТИ ФОЙДАЛИ МАШҒУЛОТ БИЛАН ЎТИШИГА КАФОЛАТ Таълим

Болалар марказлари ўртасида ўтказилаётган танловларда Пайариқ туманидаги "Баркамол авлод" болалар маркази аъзолари доим фахрли ўринларни эгаллаб, турли номинацияларда   ғолиб бўлиб келишади. Яқинда бўлиб ўтган "Орзуимдаги робот" кўрик-танловида марказ тўгарак аъзолари Турғунбой Каримов ва Улуғбек Насриддинов ғаройиб роботлари билан биринчи ўринни олиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди. 
Болалар маркази фаолияти билан яқиндан танишиш, тўгараклардаги иш жараёнини кузатиш мақсадида туманда бўлдик. Марказга қатнаётган болаларнинг интилувчан ва янги ғояларга ташналиги марказ биносига киришдаёқ сезилди: йўлакларни болалар қўли билан ясалган турли буюмлар, деворий суратлар безаб турибди. Битта гуруҳда 10 нафардан болани жамлаган тўгарак хоналарида ўқувчилар ўзлари қизиққан машғулотлар билан банд. 

– Марказимизда "Бадиий ижодиёт" йўналишида 13 та, "Техник ижодкорлик" йўналишида 5 та, "Ўлкашунослик ва экология" йўналишида 4 та тўгарак фаолият олиб бормоқда, – дейди марказ директори Фарида Эргашева. – Бу тўгаракларга 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 840 нафар бола жалб қилинган. Ўқув йили бошланиши олдидан марказдаги барча услубият ва тўгарак хоналари талаб даражасида жиҳозланди. Марказ қошидаги ахборот ресурс марказида 697 номдаги бадиий, илмий-оммабоп ва ўқув-методик адабиётлар мавжуд. 
Тўгараклар нафақат марказда, балки тажриба синов майдончаси сифатида маҳаллаларда, умумтаълим мактаблари қошида ҳам ташкил этилган. Бирлашув маҳалласида "Автомодель" тўгараги очилган бўлса, тумандаги 5 та умумтаълим мактабида "Либослар дизайни", "Ёш журналист ва нотиқ", "Гулчилик", "Мунчоқли безак" ва инглиз тили тўгараклари фаолият юритмоқда. 
Марказдаги машғулот хоналарини кўздан кечирар эканмиз, "Пазандачилик" ва "Ёш қандолатчи" тўгараклари аъзолари – жажжи қизалоқлар эътиборимизни тортди. 

– Устозимдан олмали пирог, творогли булочка, бисквитли торт тайёрлашни ўрганиб олдим, – дейди тумандаги 6-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Увайсий Мамараимова. – Оила аъзоларимга пирог пишириб берганимда, улар жуда хурсанд бўлишди. Энди турли таомлар, салатлар тайёрлашни ўрганмоқчиман. 

Тўгарак машғулотидан сўнг қизалоқлар хонани тартибга келтириб, фойдаланилган идишларни жой-жойига тахлаб кетишар экан. Табиийки, тўгарак қизларга таом тайёрлашнигина эмас, саранжом-саришталикни ҳам ўргатади. 
"Бичиш-тикиш" тўгараги хонаси 10 дона замонавий тикув машинаси билан жиҳозланган. Бу ерда ўқувчи қизлар турли бичимдаги миллий ва замонавий либослар тикишни ўрганишади. Манекенлардаги намуналар тўгарак аъзоларининг либос дизайни борасида дидлари баландлигини кўрсатиб турибди. 
Йил давомида марказ тўгарак аъзолари туман, вилоят, республика танловларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. "Варраклар байрами" кўрик-танловининг вилоят босқичида "Авиамодель" тўгараги аъзоси Дилмурод Хидиров 3-даражали диплом билан тақдирланди. "Миллий таомлар" фестивалининг вилоят босқичида "Пазандачилик" тўгараги аъзолари 3-ўринни олишди. "Бадиий ижодиёт" йўналиши бўйича "Баркамол авлод" болалар ижодиёти фестиваль-танловининг вилоят босқичида "Тўқиш" тўгараги аъзоси Дилноза Обилова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этди ва "Энг фаол иштирокчи" номинацияси ғолиби бўлди. 

– Ўғлим Азизбек "Радиотехника" тўгарагига қатнайди, – дейди Алишер Навоий номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Ботир Қўзиев. – Болаларга ҳунар сирларини ўргатиш, қолаверса, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида марказнинг хизмати катта бўляпти. Машғулотлар учун тўловлар миқдори ҳам бизга маъқул. 
Ойига 7489 сўм. Бу ҳар бир тўгарак учун ойлик тўлов суммаси. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратдик. Марказ биноси атрофида каттагина ер майдони бўлиб, ундан оқилона фойдаланилса, болаларга боғдорчилик, паррандачилик ёки қуёнчилик сирларини ўргатиш имконияти яратилган бўлар эди. 
Зилола ОМОНОВА.


Reklama huquqi asosida