Охирги янгиликлар

ЁШЛАРГА АМАЛИЙ, ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ Таълим

1-2 декабрь кунлари вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган "Ёшлар поезди" тарғибот акцияси тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирнинг иккинчи куни тарғибот гуруҳлари Самарқанд шаҳри, Жомбой, Булунғур, Пайариқ, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманларида ёшлар билан учрашувлар ўтказди. 
Самарқанд сержантлар мактаби ҳамда Темурбеклар мактабидаги учрашувлар ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Тадбирларда Бош Қомусимиз тарғиботи билан боғлиқ маълумотлар берилиши билан  бирга ёшларни ўйлантираётган саволлар ва муаммоларга ечим топилди. Шаҳардаги 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида мавзу юзасидан расмлар танлови ўтказилиб, фаол иштирокчилар ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тойлоқда ўтган тадбирларда Амир Темур номидаги халқаро илмий экспедиция раҳбари ўринбосари М.Ходжаев, темуршунос олим П.Ашрафхўжаев, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Б.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Ёшларнинг кенг қатламларига дахлдор бўлган долзарб масалалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Пайариқ туманидаги Челак қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тарғиботчилар таълим муассасалари етакчи ёшлари билан учрашди. Уларни қизиқтирган саволлар, қийнаётган муаммолар эшитилди.
 – Нон цехим бор. Аммо нон маҳсулотлари савдосини йўлга қўйишим учун дўкон очмоқчиман. Кредит олишга ёрдам беринг, – деди челаклик О.Мукаррамов.

– Маниобод, Бобур маҳаллаларида мактабгача таълим муассасалари қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
– Инглиз тилидан ташқари, форс, араб тилларини ўргатиш бўйича тўгараклар ташкил этилса.
– Қишлоғимизда бўш ётган бинода, тикувчилик цехи ташкил этиш ниятидаман...
Шу каби муаммолар, таклифларга ёшлар иттифоқи, туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ходимлари ўз муносабатини билдирди. 
Умуман, икки кун давомида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида  40 дан ортиқ учрашув, очиқ мулоқот ва ёшлар сайллари ташкил этилди.
– Тарғибот тадбирларида ёшларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, таклифларини қўллаб-қувватлаш ва интилишларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари Р.Умарова. – Тадбирлар доирасида 20 та таълим муассасаси,  9 та ишлаб чиқариш корхонаси, 2 та ҳарбий қисмда китобхонлик акцияси ўтказилди ҳамда вилоятдаги 165 та умумий ўрта таълим мактабларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 3 минг 300 дан ортиқ китоб  тарқатилди.
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошидаги "Кино актёр" театр студияси томонидан саҳналаштирилган "Жалолиддин Мангуберди" спектакли намойиш этилди. 

Тарғибот гуруҳи таркибидаги психологлар томонидан таълим муассасалари, аҳоли маданият ва дам олиш масканлари, маҳаллаларда қабуллар ҳамда тажрибали шифокорлар жалб этилган ҳолда тиббий кўриклар ташкил этилди. Ҳар бир туман, шаҳарда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган ёшларга зарур воситалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Ёшлар билан бўлган мулоқотлар давомида 185 дан ортиқ муаммо ва таклифлар аниқланиб, уларнинг 100 га яқини жойида ҳал этилди, 80 дан ортиғи ижросига қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 27 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди.

Олим СОННИБОЕВ,
Турғун ҲАСАНОВ.


Reklama huquqi asosida