Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Мактаб таълими сифати бўйича антирекорд ўрнатган вилоятлар маълум қилинди

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда таълим сифатини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири бўлган умумтаълим мактаби битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши бўйича қилинган таҳлил ва кўрилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини тўлиқ кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистондаги хорижий ҳамда чет эл олий ўқув юртларига кириш натижалари ҳам таҳлил қилинди.

Хусусан, attestst.uzedu.uz электрон базасидаги барча (282 794 нафар) 11-синф битирувчиларининг номма-ном рўйхати (аттестат рақами асосида) олиниб, бугунги кунда уларнинг қайси олий ўқув юртига киргани, давлат гранти ёки контракт асосида экани, ўқишга кирмаган битирувчиларнинг бугунги кунда ишга жойлашгани ҳақида ҳудудий бошқармалардан тезкор маълумотлар олинди.

Таҳлилларга кўра, 282 794 нафар битирувчилардан 34 837 нафари (ёки 12.3%) олий ўқув юртига қабул қилинган. Уларнинг 25 280 нафари (73%) республикамиздаги давлат олий таълим муассасаларига, 2 794 нафари (8%) Ўзбекистондаги хорижий олий ўқув юртларига, 6 793 нафари чет элдаги хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Шунингдек, битирувчиларнинг 6 958 нафари (28%) давлат гранти асосида, 27 879 нафари (72%) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган.


Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда биринчи учталикда Тошкент шаҳри (36%), Навоий вилояти (21,9%), Бухоро вилояти (18,4%) ўрин эгаллади. Афсуски, сўнгги ўринларда Қашқадарё (14-ўринда 7,4%), Жиззах (8,0%), Андижон (8,2%) вилоятлари қолиб кетган.

Бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртига кирмаган мактаблар сони ҳам таҳлил қилинди. Бу борада “антирекордчи” ҳудудлар рўйхатига Қашқадарё (44 та – 39,7%), Жиззах (189 та – 34,9%), Самарқанд (374 та 30,8%) вилоятлари кирди.

Нисбатан яхши натижалар Тошкент шаҳри (1 та 0.3%), Бухоро (33 та – 6.2%), Хоразм (43 та 8.2%) вилоятларида эканлиги маълум бўлди.


Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳайъат мажлисида олий ўқув юртига киришда энг яхши натижа кўрсатган вилоят, туман (шаҳар) ва мактаб раҳбарлари рағбатлантирилди. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган, таълим сифатини оширишда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаган, ташаббус кўрсатмаган вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.