Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлар бўйича қўмита раислари Ироқдан қайтарилган болалар ҳолидан хабар олди

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, соҳага тегишли вазифаларнинг ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишиб, имом-хатиблар билан суҳбатлашмоқда. 

Шунингдек, сафар давомида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ташкил этилмоқда.

Бугун, 11 декабрь куни Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов “Меҳр 2” инсонпарвалик операцияси орқали Ватанга қайтарилган самарқандлик болалар билан учрашди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан жорий йилнинг 30 май куни 156 нафар, 10 октябрь куни “Меҳр-2” номли инсонпарварлик операцияси доирасида юртимизга 64 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилган эди. Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан кечирган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилиб, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Каттақўрғон туманидан кетган оиланинг 6 нафар фарзанди ҳам Ўзбекистонга қайтарилган эди. Муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Каттақўрғон туманининг Тарнов маҳалласида, ўша болалар яшаётган хонадонда бўлди. Уларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, келажакда салоҳиятли, юртига, дини ва жамиятга манфаати тегадиган баркамол фарзандлар бўлиб етишишлари учун уларнинг ҳақларига дуо қилишди. Болаларга китоб, ўқув анжомлари, қишки иссиқ кийим, электр иситиш печи, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғалар ҳадя қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги.