Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқанд халқаро аэропортида қимматбаҳо металдан ясалган 95 грамм заргарлик буюми олиб ўтаётган фуқаро тўхтатилди

Сафардан қайтаётган ҳар қандай йўловчи хоҳ оддий буюм бўлсин, хоҳ қимматбаҳо заргарлик буюмини яқинларига совға-салом сифатида олиши табиий. Лекин бундай совғаларни товарларни божсиз олиб кириш нормаларига мувофиқ амалга ошириш талаб этилади.

Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан 65 грамгача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.

Шунга қарамасдан, “яқинларимга совға” деган важ ва баҳоналар билан тилла ва заргарлик буюмларини белгиланган нормалардан ортиқ олиб киришга уринаётган шахслар ҳамон учрамоқда.

Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортига “Истанбул-Самарқанд” йўналиши билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси К.М. “яшил” йўлак орқали божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида ўзини тутиши божхоначилар эътиборини тортади.

Холислар иштирокида фуқаро М.Ж.га тегишли багаж ва қўл юклари кўздан кечирилганда унинг қўл сумкасида “Йўловчи божхона декларацияси”да кўрсатилмаган, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш меъёридан ортиқча бўлган, қиймати 4 миллион сўмдан зиёд, умумий оғирлиги 95 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.