Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Халққа хизмат қилиш учун халқ ичида бўлинг

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида кеча Пайариқ туманида ўтказган навбатдаги сайёр қабулида 556 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.

“Янги бинолар қуриш ҳақида мурожаат қилавермасдан, мавжудларига мазмун киритиш керак!”

- Ҳар бир сайёр қабулда халқ дарди билан мурожаат қиламан, - деди Жавшар ота маҳалласида яшовчи Файзулла Ҳамроев вилоят ҳокимига. - Ўтган икки сайёр қабулда электр ва ичимлик суви муаммосини кўтарган эдим, ҳал этилди. Бунинг учун катта раҳмат. Бугун қишлоғимизга пиёдалар йўлакчаси ётқизилиши, кутубхона, стадион қурилиши бўйича ёрдам сўраб келдим.

Мутасаддилар чақиртирилиб, масалаларга ойдинлик киритилди ва зарур топшириқлар берилди.

- Қишлоғингизга пиёдалар йўлакчаси ётқизиш учун қурилиш материаллари берилади, - деди вилоят ҳокими. – Фақат, отахон, ўзингиз маҳалла ёшларига бош бўлиб, ҳашар йўли билан шу ишни бажарсангиз. Кутубхона масаласига келсак, маҳаллада мактаб бор, у ерда эса кутубхона мавжуд. Кутубхонанинг китоб фонди янги китоблар билан бойитилса, бўлди. Аҳоли бемалол фойдаланиши мумкин. Китоб сотиб олиб бериш керак бўлса, ёрдам қиламиз. Менимча, янги кутубхона қуришнинг ҳожати йўқ. Стадион масаласида ҳам шу гап. Мактабдаги стадион аҳоли учун ҳам хизмат қилади. Янгисини қуриш эмас, балки мактабдаги мавжуд кутубхона ва стадионга мазмун киритиш керак.

 

Бир аёлнинг мурожаати жойида ҳал қилинди, иккинчисиники рад этилди. Нега?

Сайёр қабулда икки аёл бирин-кетин икки масалада мурожаат қилди.

Биринчиси, тумандаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Зуҳра Эшқувватова бир ярим йил аввал ўзи яшайдиган уйида оилавий мактабгача таълим ташкилотини очиб, 25 нафар болага таълим-тарбия бера бошлаган. Бир йилдан буён 100 ўринга мўлжалланган давлат-хусусий шериклик асосида боғча ташкил этиш масаласида қийинчиликларга дуч келаётган экан. Вилоят ҳокими бу тадбиркор аёл муаммосини жойида ҳал этди. Унга барча зарур имкониятларни яратиб бериш бўйича мутасаддиларга қатъий топшириқ берди.

Иккинчиси, чамаси 40 ёшларда, тўрт мучаси соғлом аёл. У вилоят ҳокимидан бепул уй сўраб мурожаат қилди. Айтишича оилали, турмуш ўртоғи ҳам ногирон эмас.

- Ҳар сайёр қабулда айтаман, бугун ҳам такрорлайман, - деди вилоят ҳокими. - Ўзининг ҳам, турмуш ўртоғининг ҳам тўрт мучаси соғлом аёлга бепул уй берилмайди. Сайёр қабул ўтаётган залда мониторлар орқали видеолавҳалар намойиш этиляпти, кўринглар, кузатинглар. Ҳатто икки оёғи йўқ ногирон қиз меҳнат қилиб, пул топиб, кредит орқали уй олган ва ойма-ой тўлов қилиб бормоқда. Боқиманда бўлмасдан, ундан ўрнак олиш керак.

 

Хўжа Исмоил маҳалласидаги муаммо алоҳида кўриб чиқилади

Шу йилнинг 13 февраль куни Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Хўжа Исмоил маҳалласи аҳлининг тинчини бузган хатлардан кимнинг хабари бор?” номли мақоладаги муаммо сайёр қабулда ҳам кўтарилди.

- Ўтган ҳафта маҳалламизнинг Хўжа Исмоил гузарида яшовчи аҳолининг тинчи бузилди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фароғат Асқарова. – Гузарда 150 дан зиёд хонадон бўладиган бўлса, ҳар бирига хат келди. Бу хатлар туман ҳокими имзоси билан фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди раиси номига тумандаги “Ортиқов Абдулла” фермер хўжалиги ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар томонидан қурилган уй-жойдан ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётгани ҳолати бўйича бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан, бузмаётгани ва бу уй-жойларни буздириш тўғрисида даъво аризасининг бир нусхасидир. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳам маҳалла раиси, ҳам депутат сифатида вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Бу муаммо алоҳида кўриб чиқиладиган бўлди.

 

Сайёр қабул саккиз соат давом этди

Агар қонун талаби бўйича қарайдиган бўлса, бир иш куни (8 соат) сайёр қабулга бағишланди. Албатта, мурожаатлар ўтган йилгидан (2019 йилнинг 19 февраль куни ўтказилган сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаат тушган эди) бироз кам. Лекин бошқа туман, шаҳарлардаги қабуллардаги рақамлар билан қиёслаганда барибир кўп.

Бу мазкур ҳудудда ечимини кутаётган муаммолар, камчиликлар кўплигидан далолат бериши баробарида туман мутасаддилари, вилоятдаги тегишли идоралар раҳбарларининг кўпроқ халқ орасида бўлиши, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши зарурлигини тақозо этади. Буни вилоят ҳокими ҳам алоҳида қайд этди.

– Бугунги ҳар бир мурожаат, ҳар бир фуқаро ўртага ташлаган масала тегишли тартибда кўриб чиқилади ва ижроси қатъий назоратга олинади, – деди Э.Турдимов қабул сўнгида. – Лекин бу барча масала узил-кесил ҳал этилади, дегани эмас. Аслида сайёр қабулдан мақсад ҳам аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, жойлардаги реал вазиятдан хабардор бўлиш. Одамларни нима ташвишга солаяпти, энг долзарб муаммо нима? Шуларни аниқлаш ва уларга ечим топиш. Бу масалалар орасида қисқа вақтда ҳал этиладиганлари ҳам бор, вақт талаб қиладиган, тегишли дастурлар ишлаб чиқиладиган муаммолар ҳам мавжуд. Муҳими, бундай учрашувлардан сўнг ҳар бир раҳбар, мутасадди ўз фаолиятида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини билиб олади, халққа хизмат қилиш халқ ичида бўлишни тақозо этишини англайди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.