Банк тилга ҳурматни билмайдими?

Қарийб 15 йилдан буён Халқ банки хизматларидан фойдаланиб келамиз ва адвокатлик бюромизнинг банк ҳисоб рақами ҳам шу банкда очилган. Пул кўчириш учун “XAZNA BUSINESS” ва “XAZNA” иловасидан фойдаланамиз. Аммо ушбу иловаларнинг камчиликлари кўп, замонга мос тарзда рақобатбардош қилиб такомиллаштириш зарурати бор.

Мисол учун, “XAZNA BUSINESS”да пул кўчганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати - квитанцияни юклаб олиш имконияти йўқлиги боис “скриншот”лардан фойдаланяпмиз. Лекин “скриншот” ҳам бир бетга сиғмаганлиги учун икки бет бўлади. Унга биров ишонади, биров ишонмайди. “XAZNA” иловасида ҳам шу аҳвол - квитанция чиққани билан маълумотлари етарли эмас. Масалан, “CLICK Super Арр” иловасида квитанция чеки мукаммал тарзда ишлаб чиқилган, “Тўланди” деган ёзув туртбурчак муҳр ичида бўлади.

Иккинчидан, ўзбек адабий тилида “ХАЗНА” деган сўз йўқ. Xазина ёки ғазна сўзлари бор. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида келтирилишича, хазина сўзи арабчадан олинган бўлиб, қимматбаҳо нарса, бойлик, дафина, маблағ, касса маъносидаги бирор шахс, ташкилот ёки давлат ихтиёридаги қимматбаҳо буюмлар, маблағ, бойлик, давлат маъноларини ифодалайди. Fазна сўзи эса хазина сўзининг синоними тарзида қўлланилиши кўрсатилган. Мен биронта ўзбек тилининг бирорта изоҳли луғатида “ХАЗНА” сўзини қидириб тополмадим.

Халқ фойдаланадиган бир эмас иккита илованинг номини саводсизларча номлаб қўйиб, мамлакат бўйича кенг фойдаланишга жорий этиш уят эмасми? Ёки атайлаб шундай қўйилганми? Агар атайлаб шундай қўйилган бўлса бу ўзбек тилини менсимаслик, ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги Қонуни асосида 14 йиллик мижозингиз сифатида ушбу таклифни билдиряпман. Таклифни кўриб чиқиб, иловалардаги камчиликларни бартараф этасиз, деган умиддаман.

Н.ХИДИРОВ,

Пахтачи туманидаги “Адолатли Нусратулла” адвокатлик бюроси раҳбари.