Боланинг отаси бошқа экан
Инсон тақдири баъзан биргина ҳужжатдаги ёзув билан боғланиб қолади. Бир қарашда оддий туюлган “ота” деган сўз эса нафақат ҳуқуқий, балки маънавий масъулиятни ҳам англатади. Фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилган навбатдаги иш ана шу биргина ёзув ортида турган ҳақиқатни ойдинлаштиришга қаратилди.
Шукуров Вохид ва Исаева Диана (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил февраль ойида қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган эдилар. Улар янги ҳаёт бошлаш арафасида туришар, ўтмишдаги синовлар эса ортда қолгандек эди. Бироқ, ҳаёт ҳар доим ҳам инсон режаларига бўйсунмайди.
Диана аввал бошқа никоҳда бўлган ва никоҳи суд қарори билан бекор қилинган. Воҳидга турмушга чиққанда олдинги эридан ҳомиладор эди. 2020 йил апрель ойида Амира дунёга келди. Воҳид эса болани ўз фарзандидек бағрига босиб, меҳр бериб тарбиялаб келди. Бироқ туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш чоғида юз берган эътиборсизлик туфайли, ҳужжатда ота сифатида унинг исми қайд этилди.
Вақт ўтиб, ҳуқуқий аниқлик киритиш зарурати туғилди. Чунки қонун учун ҳар бир ёзув - далил. Шу боис, Воҳид судга мурожаат қилди. Суд мажлисида ҳар икки тараф ҳам вазиятни очиқ баён қилди. Бола биологик жиҳатдан Вохидга тегишли эмаслиги, бу ҳолат илмий экспертиза орқали ҳам тасдиқлангани маълум қилинди.
Ўтказилган ДНК экспертизаси хулосаси барча шубҳаларга нуқта қўйди, биологик оталик тасдиқланмади.
Суд ишни кўриб чиқар экан, фақат ҳис-туйғуларга эмас, қонун талабларига таянди. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ, туғилиш ҳақидаги ёзув боланинг келиб чиқишини тасдиқловчи асосий далил ҳисобланади. Бироқ бу ёзув суд тартибида рад этилиши мумкин.
Барча ҳолатлар чуқур ўрганилиб, тарафларнинг тушунтиришлари ва экспертиза хулосаси инобатга олинди. Натижада суд ҳақиқатни ҳуқуқий жиҳатдан тиклаш ҳақида қарор қабул қилди: туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидаги ота устунидан Шукуров Вохид ҳақидаги маълумотлар бекор қилинди.
Бу иш кимнингдир айби ёки баҳси ҳақида эмас эди. Бу - ҳужжатдаги хатони тўғрилаш, ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ва ҳақиқатни расмий равишда эътироф этиш ҳақидаги иш эди.
Суд залида ўқилган қарор билан бирга, бир масалага ойдинлик киритилди, ота деган ном фақат қоғозда эмас, ҳақиқатда ҳам асосли бўлиши керак. Қонун эса айнан шу ҳақиқатни муҳофаза қилади.
Феруз Каримов,
Самарқанд вилоят судининг судьяси.