Экспортёрлар онлайн халқаро савдо тизимини маъқул кўришмоқда
Экспортёр корхоналарнинг экспорт географиясини кенгайтириш, янгидан-янги бозорларга тадбиркорларнинг маҳсулотларини чиқариш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу агентлик томонидан экспорт қилувчиларга маҳсулотни экспорт бозорларига ташиш билан боғлиқ харажатларидан тортиб халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш, умуман олганда экспорт ҳажмини ошириш учун қўплаб молиявий кўмакларни бериш механизмлари жорий этилган.
Бу эса тадбиркорлик тилида — айни экспорт географиясини кенгайтириш, янгидан-янги бозорларга маҳсулотларини чиқариш учун қулай муҳит пайдо бўлиб улгурганидан далолат беради.
Шу ўринда ўтган даврда, бутун дунёда мураккаб карантин шароитида дунё бозорида савдо-сотиқнинг эски усуллари аллақачон даврини ўтаб бораётганлиги, айниқса экспортёрлар учун ўз маҳсулот ва хизматларини дунёга машхур бўлган онлайн савдо дўконларига жойлаштиришга эҳтиёжи кескин ошганлиги сезилди.
Агентлик томонидан дунёга машхур бўлган Амазон, Алибаба ва бошқа веб сайтларда ўз маҳсулот ва хизматларини жойламоқчи бўлган тадбиркорларга молиявий кўмак берилиб келинмоқда.
Ушбу веб сайтлардан фойдаланган ҳолда экспорт қилиш учун ўзбек тилида қўлланма ишлаб чиқилган бўлиб, нафақат юридик шахслар балки жисмоний шахслар ҳам тадбиркорлик фаолиятларини амалга оширишлари мумкин.
Тойлоқ туманида фаолият юритаётган экспортёр корхоналар ҳам аллақачон ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқда.
Бугунги кунда онлайн савдо ўзининг имкониятлари, афзаллиги умуман замон талабига мос келиши билан ривожланмоқда. Статистик маълумотларда ҳам йилдан йилга дунёда онлайн савдо орқали экспортни амалга ошириш ҳажмининг ошишини қўришимиз мумкин. Шундай экан келажакда иши яхши бўлишини хоҳлаганлар бугунданоқ ҳаракатни бошлашган. Бу эса мақтовга лойиқ.
Дилшод Умрзоқов.