Энди фермер ўз ҳуқуқини оила аъзосига бериши мумкин
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, фермер хўжалиги бошлиғи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига бериш имконияти назарда тутилган.
Шунингдек, фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда, олий таълим ташкилотларига таълимнинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинганда, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганда ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинганда ҳам ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш мумкин.
Бундай ҳолларда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ижара шартномасига тегишли ўзгартишлар киритиш орқали ушбу қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган оила аъзоларидан бирига, қонунчиликка мувофиқ, ижара шартномаси амал қиладиган муддатга берилади.
Зоҳид Абулқосимов,
Оқдарё тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази шуъба бошлиғи.