Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб бўлмайди

Ер давлатники, унинг ҳисоби бор. Қонунлар устувор жамиятда ўзбошимчалик фақат ўзингга ташвиш келтиради.

Ургутлик Бегмурод тумандаги фермер хўжалиги ҳисобида бўлган, суғориб ҳайдаладиган ер майдонидан 0.07 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, 300 квадрат метр ўлчамда уй-жой биноси қуриб олган эди. Оқибатда, ушбу ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилиб, давлат манфаатларига 19 миллион 269 минг 180 сўм миқдорида зарар етказган.

Барча ҳолатлар судда ўз тасдиғини топди. Бегмурод айбига иқрор бўлди. Суд уни Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топди ва 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ер майдони фермер хўжалигига қайтарилди.

Пайариқлик Норбой фермер хўжалиги ҳисобидаги суғориладиган ер майдонидан 0,12 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, 224 квадрат метр ҳажмда уй-жой биноси қурган. Оқибатда, ушбу суғориладиган ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиб, яроқсиз ҳолатга келтирилганлиги натижасида давлат манфаатларига 20 миллион 498 минг 916 сўм зарар етказилган.

Судда Норбой ҳам ЖКнинг 229-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди ва 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Қонунчиликда ерни турли мақсадларда қонуний олиш йўллари мавжуд. Қонунбузарликка эса жазо муқаррар.

Азиз АКРАМОВ,
Самарқанд вилоят суди судьяси.