“Гулобод тонги” газетаси сотувга қўйилди
Самарқанд вилоятида илк бор ҳокимлик муассислигидаги газета хусусийлаштирилмоқда.
Бугун, 16 октябрь куни “Зарафшон” газетасида берилган эълонга кўра, мазкур газета сотувга қўйилди.
“Гулобод тонги” газетаси Самарқанд тумани ҳокимлиги ва халқ депутатлари туман кенгашининг расмий нашри ҳисобланади. Газетанинг устав фонди 338 миллион сўм бўлиб, давлат эгалиги улуши 100 фоизни ташкил қилган.
Мазкур нашр сотуви электрон аукционлар орқали амалга оширилиши айтилган.
Аукционнинг савдо санаси 15 ноябрь куни бўлиб ўтади. Аукционда ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар иштирок этиши маълум қилинган.
Маълумот учун: газета 1957 йил ноябрь ойидан "Самарқанд ҳақиқати", 1962 йил августидан "Шарқ тонги", 2004 йил май ойидан "Гулобод тонги" номи билан чиқа бошлаган.