Кимлар акциз солиғини тўлайди?

Акциз солиғи тўловчи юридик ва жисмоний шахслар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни (акциз тўланадиган товарларни) ишлаб чиқарувчилар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган (акциз тўланадиган хизматлар) мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчилар;

бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга реализация қилишни, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилишни, шунингдек, газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилишни амалга оширувчилар. Якуний истеъмолчилар деганда ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ҳамда газ олувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига акциз тўланадиган товарларни импорт қилувчилар;

оддий ширкат акциз тўланадиган товар ишлаб чиқарган тақдирда, оддий ширкат шартномасининг оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган шериги (иштирокчиси).

Акциз тўланадиган товарларнинг айрим турлари бўйича акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан акциз солиғини тўловчи этиб белгиланиши мумкин.

Самарқанд вилояти давлат

солиқ бошқармаси ахборот хизмати.