Маҳаллаларга Президент совғаси – спорт анжомлари топширилди

Маҳаллалардаги ёшларининг оммавий спорт билан шуғулланишлари ва “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказиладиган мусобақалар учун вилоятдаги 1126 та маҳаллага тўрт турдаги саккиз мингга яқин спорт жиҳозлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ёшлар етакчилари Президент совғаси – спорт жиҳозларини қабул қилиб олди.
– Ушбу спорт анжомлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва улар орасида чемпионлар етишиб чиқишига хизмат қилади, – дейди Булунғур туманидаги Ғўбдин маҳалласи ёшлар етакчиси Нодир Мухторов. – Шу билан бирга, ёшларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида фаол иштирок этишга ундайди.
Ўтган йилда 14-30 ёш тоифасида ўтказилган мусобақа ва танловларда вакилларимиз 11 та олтин, 10 та кумуш, 9 та бронза медали билан республикада еттинчи ўринни қўлга киритган.