Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

Имом Бухорий мажмуаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улуғ ва муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади.

Ҳазрат Имом Бухорийдек буюк муҳаддис номи билан боғлиқ ушбу мажмуа бугун юртимизнинг энг йирик маънавий ва маданий марказларидан бирига айланган. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерга келиб, аждодлар мероси, маърифат ва муқаддас тарих билан юзлашмоқда.

Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки халқимизнинг бой маънавий мероси, миллий меъморчилиги ва ислом цивилизациясидаги ўрнини намоён этувчи ноёб маданий объектдир. Уни барпо этиш учун катта меҳнат, юксак маҳорат ва қимматбаҳо қурилиш материаллари сарф этилган. Шу боис бу қутлуғ масканни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.

Яқинда Маданий мерос агентлиги томонидан айрим зиёратчиларнинг мажмуа ҳудудида бепарво муносабатда бўлаётгани ҳақида маълумот берилди. Айрим ҳолатларда устунлар, айвонлар ва музей экспонатларига эҳтиётсиз муносабатда бўлиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат зиёратгоҳ кўркига, балки унинг маънавий муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Бу ҳолат барчамизни сергакликка чақириши керак. Зеро, муқаддас қадамжога келган инсон аввало ўзини муносиб тутиши, тозалик ва тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим. Чунки зиёратгоҳ — оддий сайргоҳ эмас. Бу ерда асрлар нафаси, буюк аждодлар руҳи ва маърифат зиёси мужассам.

Тозалик эса инсон маданиятининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Ислом таълимотида ҳам покликка алоҳида аҳамият берилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик — иймоннинг ярмидир”, дея таъкидлаганлар. Демак, зиёратгоҳ ҳудудида озодаликни сақлаш нафақат фуқаролик бурч, балки маънавий масъулият ҳамдир.

Айниқса, чет эллик меҳмонлар Ўзбекистон ҳақидаги илк таассуротни айнан шундай муқаддас масканлар орқали олади. Агар зиёратгоҳ озода, тартибли ва файзли бўлса, бу халқимизнинг юксак маданияти ва маънавиятини намоён этади. Аксинча, бепарволик ва тартибсизлик мамлакатимиз нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Айниқса, ёш авлодни зиёратгоҳ маданияти руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Болалар катталардан ибрат олади. Агар ота-она муқаддас жойда тартибга амал қилса, эҳтиёткор бўлса, фарзанд ҳам шу руҳда тарбия топади. Шу боис ҳар бир инсон ўз ҳаракати билан бошқаларга намуна бўлиши керак.

Имом Бухорий мажмуаси — миллатимиз ғурури ва маънавий бойлиги. Уни асраш, тозалигини сақлаш ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш ҳар бир инсоннинг виждоний бурчидир. Зиёратгоҳларга бўлган муносабатимиз орқали биз ўз маданиятимиз, маънавиятимиз ва аждодлар меросига бўлган ҳурматимизни намоён этамиз.

Аслиддин Мустафоев,
мажмуа ахборот хизмати раҳбари.